Мажлисдаги уч киши
Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда одамлар билан ўтирганларида уч киши кириб келди. Улардан иккиси Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларида қолди, учинчиси эса масжиддан чиқиб кетди. (Ровий) айтади: «Иккиси Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб тўхтади. Бири мажлис ҳалқасидан жой топиб ўтирди. Иккинчиси эса охирги қаторга бориб ўтирди. Учинчи киши чиқиб кетди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (хутбаларини) тугатиб: «Сизларга уч кишининг хабарини берайми?! Улардан бири Аллоҳ таоло ҳузуридан жой сўради, Парвардигор унга жой берди. Иккинчиси ҳаё қилганди. Аллоҳ таоло ҳам ундан ҳаё қилди. Учинчиси юз ўгирганди, Аллоҳ таоло ҳам ундан юз ўгирди», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши муаллим эдилар. Саҳобаларга ҳидоят йўлини баён қилар, дунё ва охиратда фойдали ишларга қизиқтирар эдилар. Шунинг учун гоҳида саҳобаларга ўзлари бевосита иштирок этган ҳодисалардан мисоллар келтириб таълим берардилар.
У вақтларда одамлар йўлнинг қарши тарафига ўтиш учун масжид ҳовлисидан ўтар эдилар. Уч киши ҳам шу мақсадда масжидга кирди ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларга дин ишларини ўргатаётганларини кўришди. Иккиси яхшилик олдидан шундоқ ўтиб кетишни хоҳламади. Илм зиёсидан баҳраманд бўлиш мақсадида тўхташди ва салом беришди. Кейин бирлари ҳалқадан бўш жой топиб ўтирди. Иккинчиси жой тополмади. Лекин мажлисдан ҳам кетгиси келмай, саҳобаларнинг орқа қаторига бориб ўтирди. Учинчи киши эса нафсининг истакларини Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг дарс ҳалқаларидан афзал билиб, масжиддан чиқиб кетди.
Бу ҳолатни Набий алайҳиссалом ҳам, бошқа тингловчилар ҳам кўрди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу ҳодисадан дарс беришни ва у орқали илмга ихлосманд, рағбат қилувчиларни шижоатлантирмоқчи, шунингдек, илмни истамайдиган ва унга енгил қарайдиганларни огоҳлантирмоқчи бўлдилар.
Набий алайҳиссалом мавъизаларини тугатгач, бундай дедилар: «Сизларга уч киши ҳақида айтиб берайинми? Улардан бири динини Аллоҳ таолога топширганди, Аллоҳ таоло уни раҳматига ноил қилди ҳамда Ўзи рози бўлган ва улар ҳам Ундан рози бўлганлар қаторида қилди. Кейинги одамнинг ҳаёсини эса сўнгги қаторда қолдирди. Аллоҳ таоло ҳам унинг бу амалини қабул қилди ва раҳматига дохил қилди. Учинчи кишининг илмни истамаслиги ва уни енгил санаши масжиддан чиқиб кетишига сабаб бўлди. Шу боис Аллоҳ таоло ундан ғазабланди, уни Ўз эҳсонига номуносиб кўрди ва унинг амалидан беҳожат бўлди», дедилар.
Кейин ким илм талабида бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиши ҳақида башорат бердилар.
Уламолар ҳадисдаги учинчи кишини ҳеч бир узрсиз ёки илмга беписанд қараб, ундан юз ўгирган, дейдилар. Шояд, Аллоҳ таоло бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломга хабар қилган бўлса. Чунки «Учинчиси юз ўгирганди, Аллоҳ таоло ҳам ундан юз ўгирди» жумласининг ўзи бунга далолат қилади.
«Аллоҳ таоло ҳам ундан ҳаё қилди». Бу ерда фақат Аллоҳ азза ва жаллага хос камолот ҳаёси назарда тутилмоқда. Бандаларнинг ҳаёси каби эмас.
Демак, ушбу ҳадисга кўра, илм мажлисига ҳамма вақтда келиб, ўз жойини эгаллаши лозим. Қатнашчиларнинг ўзаро жипс ўтиришлари фазилат ҳисобланади. Кимдир бирор узр сабаб кечикса, бошқаларга халақит қилмасдан, бўш жой топиб ўтиради. Лекин озор етказадиган бўлса, сўнгги қатордан жой олади. Йўқса, ҳадисдаги иккинчи шахс каби ҳеч кимни турғизмасдан, сўнгги қатордан жой олиб ўтиради. Чунки одам дарс ҳалқасида ўтирган жойига фақат ўзи ҳақли бўлади.
Илм ва зикр мажлисини лозим тутиш – фазилат. Ундан юз ўгириш қораланган амал. Шунингдек, яхши иш қилган кишини мақташ – мустаҳаб.
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws