РИЁКОРЛАР ОХИРАТГА ИШОНМАЙДИ(МИ)?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Эй, муслима аёллар! Қўшни аёл ўз қўшнисига қўйнинг туёғини ҳам ҳақир санамасин!” (Муттафақун алайҳ).
Ҳадялашиш суннат бўлиб, илиқ муносабатларни сақлаб қолиш ва янги дўстларни кўпайтириб, ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга васила бўлади. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом: “Ўзаро ҳадялашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Бу, айниқса, маҳаллаларда ва қўшнилар ўртасидаги гина-кудуратларни кўтариб, жароҳатли қалбларни даволайди. Бир маҳаллада ёки кўчада яшовчи қўшни аёллар ўртасида кўпинча деди-дедилар оқибатида муаммоли вазиятлар юзага келади. Шундай пайтларда ҳадялашиш қўшнилар орасидаги аҳил-иноқлик, муҳаббат туйғуларини янада жонлантиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмина аёлларнинг қўшнилари билан ўзаро ҳадя алмашишларини тавсия қилганлар. Ҳадянинг нималиги муҳим эмас. Ҳадисда қўйнинг туёғи, дейилишидан мақсад – у деярли гўштсиз суяк – яъни кичик нарса бўлса ҳам, қўшни қўшнисига борини ҳадя қилишдан тортинмаслиги зикр этилган. “Буни беришга арзимайди”, деб ўйлаш хато. Олувчи ҳам ҳадяни асло камситмаслиги ё кибрланиб: “Шуни менга эп кўрдими?” деган шайтоний хаёлларга бормаслиги лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳадяни қайтарманглар, чақирувчининг даъватини қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Аёлларда кичик совғаларни менсимаслик ва камситиш, катта совғалар билан мақтанишга мойиллик кўп бўлганидан ҳадиси шарифда айнан уларга мурожаат қилинган. Сахийлик ҳар бир бандада бор бўлган нарсаларга тегишли. Араблар буни “Алжувд минал-мавжуд”, яъни “Сахийлик мавжуд нарсалардандир”, дейди.
Дарҳақиқат, аждодларимиз бу ҳақиқатни “совғанинг катта-кичиги бўлмайди” деган мақол билан ифодалашган. Бошқалардан энг кичик ёрдамни ҳам қизғонганларни бахилга менгзашган. Моъун сурасининг 6-7-оятларида бундай дейилади: “(Улар) риёкорлик қиладилар ва рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадилар”.
Яъни қўшнилар ўртасида туз, шакар, ун, гугурт каби арзимас нарсаларга ҳам хасислик қилишдан қайтарилганмиз. Аллоҳ таоло садақа қилувчиларга буюради: “Эй, иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”(Бақара сураси, 264-оят.)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши: “Ё, Расулуллоҳ, амалларнинг афзали қайси?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишингиз ёки ундан қарзини узишингиз ёки унга таом беришингиздир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Шу нуқтаи назардан, биз қўшниларимиз билан яхши муносабатда бўлишимиз, уларга ёрдам беришимиз ва ўртамиздаги дўстлик кўприги мустаҳкам бўлиши учун совғалар алмашишни эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак. Биз ҳеч бўлмаганда қўшниларимизга кичик бир ширинлик тортиқ қилишимиз, баҳам кўришимиз зарур. Одатда қўшнига бир коса овқат чиқарсак, у ҳам идишни бўш қайтармайди.
Биз бу гўзал одатни сақлаб қолишимиз ва келажак авлодларга ҳам мерос қолдиришимиз лозим. Уй бекалари эрларининг рухсати билан қиладиган ҳадя ва хайрия ишларидан савоб топадилар. Аёлини бу саховатли ишда қўллаб-қувватлайдиган оила бошлиғи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ мақомга эришади, иншоаллоҳ.
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws