Эрнинг вазифаси зўравонлик эмас…
Таассуфки, айрим эркаклар ўз бурч ва масъулиятини унутиб, оилани таъминлаш, фарзандлар тарбияси каби вазифаларни аёллар зиммасига юклаб қўймоқда. Натижада кўплаб аёллар оғир меҳнат қилишга, ҳатто мардикорликка чиқишга мажбур.
Масалан, айрим оилаларда эр соғлом, жисмоний меҳнатга қодир бўлса-да, ҳеч қаерда ишламайди, вақтини беҳуда совураётган, турли иллатларга мубтало бўлганини кўрамиз. Бундай шароитда унинг аёлига қийин. У эрта тонгдан кечгача тирикчилик ташвишида елиб югуради.
Баъзан бозорларда кексайиб қолган бўлса-да, оғир халталарни кўтариб олганча савдо қилаётган аёлларга кўзимиз тушади. Улардан сўрасангиз, “эрим ишламайди”, “ичади”, “болаларни боқишим керак” дея ёзғиради. Ҳатто қурилишларда ғишт ташиб, цемент қориб юрган аёлларни ҳам кўриш мумкин. Бу аёллар ўз хоҳиши билан эмас, балки мажбурият туфайли ишлайдилар.
Муқаддас динимизда эркакнинг оила олдидаги масъулияти аниқ ва равшан белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай огоҳлантиради: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркакнинг “раҳбарлиги” зўравонлик ёки босим эмас, балки таъминлаш ва ҳимоя қилиш масъулияти билан боғлиқ, яъни эр аёли ва фарзандларини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаши учун ҳам меҳнат қилиши шарт.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли оиласига яхшилик қилувчиларингиздир” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Масалан, айрим оилаларда аёл нафақат ишлайди, балки эрининг қарзларини ҳам тўлайди. Эр эса уйда ўтириб, ҳатто болалар тарбиясини ҳам эплолмайди. Бундай муҳитда ўсган фарзандлар отасидан масъулият эмас, балки бефарқликни ўрганади. Қиз бола эса рўзғор ишларига уқувсиз бўлиб улғаяди.
Албатта, бундай ҳолат эса аёлнинг соғлигига салбий таъсир қилмасдан қолмайди. Доимий оғир меҳнат, стресс ва руҳий босим натижасида кўплаб аёллар эрта қарийди, турли касалликларга чалинади.
Исломда зулм қатъиян қораланган. Аёлни зўравонликка дучор қилиш, уни оғир меҳнатга мажбурлаш гуноҳдир. Аллоҳ паноҳ берсин!
Шаҳнозахон СОДИҚОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws