Европада мусулмонлар сони ортмоқда
Европанинг бир қатор мамлакатларида сўнгги ўн йилликда мусулмонлар сони сезиларли даражада кўпайди. Айни пайтда қитъа аҳолиси туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши ва аҳолининг қариши каби жиддий демографик муаммоларга дуч келмоқда. Бу жараёнлар мусулмон жамоаларининг Европа демографик ва ижтимоий ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
“Organiser” нашрининг “La Razón” ва “La Gaceta” газеталари келтирган демографик маълумотларга таянган ҳолда маълум қилишича, Россия ва Туркияни ҳисобга олмаганда, Европадаги мусулмонлар сони 2000 – йиллар бошидаги қарийб 15 миллион кишидан бугунги кунда 32,5 миллион нафарга етган.
“Пью” тадқиқот маркази (Pew Research Center) маълумотларига кўра эса, Россия ҳам қўшиб ҳисобланганда, Европадаги мусулмонлар сони 2020 йилда қарийб 46 миллион нафарни ташкил этган. Бу 2010 йилга нисбатан 16 фоизлик ўсишни англатади.
Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳам мусулмон аҳоли сони сезиларли даражада ошган. Жумладан, Испанияда уларнинг сони 2,4 – 2,5 миллион нафарни, Италияда эса тахминан 2,7 миллион нафарни ташкил этади.
Швецияда мусулмонларнинг аҳоли таркибидаги улуши 2010 йилдаги 4 фоиздан 2020 йилда 8 фоизга етган. Германияда эса улар мамлакат умумий аҳолисининг қарийб 7 фоизини ташкил қилмоқда.
Буюк Британияда ўтказилган аҳоли рўйхати натижалари ҳам мазкур тенденцияни тасдиқлайди. Хусусан, Англия ва Уэльсда истиқомат қилувчи мусулмонлар сони 2011 йилдаги 2,7 миллион нафардан 2021 йилда 3,9 миллион нафарга кўпайган.
Мутахассислар бундай демографик ўзгаришларга бир неча омил таъсир кўрсатаётганини таъкидлайди. Улар орасида миграция жараёнлари, аҳолининг ёш таркиби ва туғилиш кўрсаткичлари муҳим ўрин тутади.
Демографик маълумотларга кўра, ҳатто миграция суръатлари пасайган тақдирда ҳам Европада мусулмонлар сони ўсишда давом этиши мумкин. Айрим ҳисоб – китобларда миграция давом этиши ва нисбатан юқори туғилиш кўрсаткичлари сақланиб қолиши шарти билан 2050 йилга бориб уларнинг сони 75 миллион нафарга етиши мумкинлиги тахмин қилинган.
Бироқ мутахассислар бундай рақамлар аниқ натижа эмас, балки муайян демографик шарт – шароитларга асосланган тахминлар эканини таъкидлайди.
Айни пайтда Европа мамлакатлари, жумладан, Франция ва Польша аҳоли ўртасида туғилиш даражасининг пасайиши ҳамда кекса ёшдагилар улушининг ортиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, қитъадаги демографик ўзгаришлар, аҳоли таркибидаги хилма-хиллик ва ёш авлоднинг ижтимоий – иқтисодий ҳаётдаги иштироки Европанинг келажагини белгилайдиган муҳим омиллардан бирига айланмоқда.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати