«Асал бор жойга дард келмайди…»
– Асал – кони шифо, барака, – дея гап бошлади 65 ёшли асалчи-табиб, самарқандлик Ориф бобо Илёсов. – Охирги марта икки йил олдин тиббий кўрикдан ўтгандим. Қон босимимни ўлчаган шифокор: «Таҳлил натижаларингиз аъло. Бундай ҳолатни ҳатто ёш йигитларда ҳам кам учратамиз. Бунинг сири нимада?» деб қолди. «Сири асаларичилик касбида», – дедим.
У болалик пайтларим эди. Ёз келдими, бир қўшни отахон билан асалари қутиларини олиб, тоғу чўлларга кетардик. Шифо излаб қишлоқ аҳолиси чодиримизга келар, асаларига чақтириб ёки гул чанги, она асалари сути ва асалнинг ўзидан соғайиб, миннатдор бўлиб, дуо қилиб кетишарди. Шундан асаларичиликка қизиқиб, қирқ йилдан буён шу касб билан машғулман. Уч ўғлим ҳам шу соҳани танлаган.
«(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл сураси, 68–69-оятлар).
Бу мўъжизавий ҳашаротнинг илоҳий неъмат эканини англаш учун унинг кўпайишига назар солиш кифоя. Бир оилада 10 мингдан 100 мингтагача ишчи ари бўлади. Она арилар озуқа етарли ва ҳарорат мўътадил шароитларда кунига 1500–2500 тача тухум қўяди. Тухум қўйиш олдидан она ари катакча ичини прополис билан тозалайди. Уч кунда личинкалар чиқади. 5–6 кун давомида асал ва гул чанги билан озиқланиб, 7–12 кун оралиғида асаларига айланади. 15–20 кундан сўнг учиб, «меҳнат сафари»га чиқади.
Ишчи асалари қоринчасида йиғилган гул чанглари, нектарларни уядаги бошқа асалариларга топширади. Асаларининг иккита қоринчаси бор. Биридаги асални ўзи учун ишлатса, иккинчисидаги нектарни уяга олиб келиб, захирага тўплайди. Уядаги асаларилар эса нектарни қайта ишлаб, яъни ферментлар, витаминлар, гормонлар, минераллар қўшиб, катакларга жойлайди. Қанотлари билан шамоллатиб, ортиқча сувни камайтиради. Оқибатда тенги йўқ қуюқ шифобахш неъмат ҳосил бўлади.
Бу ишлаб чиқарувчи фабрика шу қадар тўкис ва тартиб билан фаолият юритадики, бир дақиқа бўлса-да тўхташ, чарчаш ёки тартибсизликни кўрмайсиз.
Бу интизомли жониворлар микроскопдагина кўриш мумкин бўлган чанглардан нектар йиғишдан ташқари, курраи заминнинг тириклиги йўлида ҳам катта хизмат қилади. Агар тўрт йил асаларилар ўсимликларни чанглатмаса, инсоният очликдан қирилиб кетар экан. Чунки улар 70 фоиздан зиёд ўсимликлар ва дарахтларни чанглатади.
Айрим асаларилар нектар йиғиш жараёнида пишган меваларнинг бижғиши, ачишидан ҳосил бўладиган «этанол» моддасини ялаб қўяди ва худди одамларда бўлгани каби маст бўлади. Тажовузкор ва зарарли бўлиб қолган ари қорнидаги асални заҳарлайди. Асалариларнинг уяси ёнида огоҳлантирувчи белги берадиган махсус жиҳозга эга бўлган асаларилар маст асаларининг ҳидини сезиш қобилиятига эга. Улар маст асаларини аниқлайди, уни уядан узоқлаштиради. Аммо мастлиги тарқаса, уяга киришга рухсат берилади. Асалнинг тозалиги ҳамда шифобахшлигини Яратган ана шу йўл билан асрайди.
Асал кўплаб дардларга шифо. Масалан, уруғлантиришдан кейин ҳалок бўлаётган эркак ариларни музлатиб, уларни сиркага аралаштирсак, шифобахш — тестостерон моддасига бой малҳамга айланади.
Асалга нисбатан асалари нони (перга)нинг таркиби шифобахшлиги жиҳатидан 14 марта кучли. У қаришнинг олдини олади. Иммунитетни кучайтириб, танадаги вирусларга қарши курашади, яллиғланишларни даволайди. Аллергия, ўт пуфаги, пешоб йўли яллиғланишлари ва онкологик хасталикларда тавсия қилинади.
Прополис, асалари заҳри, ачитқилар, она асалари сути қўшиб ҳосил бўладиган «она ари асали»нинг бир чой қошиғини эрталаб тил остига солиб, 5–10 дақиқа қимирламай ётиш тавсия этилади. Бу усул кун давомида етарли куч-қувват беради, қаҳва ичишга ҳожат қолмайди. Ошқозон касалликларига шифо бўлади.
Асал етиштириш машаққатли касб. Балки бунинг ортидан бойиб кетмассиз, аммо бировдан кам бўлмайсиз, соғлиғингиз мустаҳкам бўлади. Кўплаб инсонларнинг дуосидан баҳра олиб, дилингиз шодланади.
Нафиса ПАРДАЕВА ёзиб олди.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан