Маккадаги Қуръон музейида олтин суви юритилган хитойча Қуръон қутиси намойиш этилмоқда
Макка шаҳридаги Ҳиро маданият мажмуасида жойлашган Қуръони карим музейида XVIII асрга оид, олтин суви юритилган ноёб хитойча Қуръон қутиси намойиш этилмоқда.
Мазкур ноёб осори атиқa ҳижрий XII асрга мансуб бўлиб, Қуръони карим мусҳафларини асраб – авайлаш ва сақлаш анъаналарининг тарихий намунаси саналади. Унинг нафис нақшлари, мукаммал безаклари ва олтин суви билан ишланган қисмлари ўша давр ҳунармандларининг юксак маҳоратидан далолат беради.
Ушбу экспонат нафақат Қуръонни сақлашга хизмат қилган буюм, балки исломий амалий санъат ва ҳунармандчилик тараққиётини акс эттирувчи қимматли тарихий меросдир.
Қуръони карим музейи ташриф буюрувчиларни муқаддас китобнинг нозил бўлиши, ёзилиши, жамланиши ва асрлар давомида сақланиши тарихи билан таништиради. Музейнинг Ҳиро тоғидаги Ҳиро ғорига яқин жойлашгани ҳам унинг маънавий ва маданий аҳамиятини янада оширади.
Манба: Саудия Арабистони матбуот агентлиги (ВАС). И.Аҳмедов таржимаси.