Эътиборсизлик пушаймонга айланмасин!
Яқинда ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг барча аъзолари ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқалди. Орадан бир неча кун ўтиб яна шунга ўхшаш маълумот тармоқларда айланди.
Ўлкамизга ҳали қиш қаҳратонлари келмай туриб, бундай аянчли хабарларнинг урчигани киши, албатта, ўйга толдиради. Зотан, бу каби ҳолатларнинг аксарияти ўрганилганда, одамларнинг ўзлари айбдор эканликлари намоён бўлмоқда. Яъни кишилар ҳаво совуши билан уйларда газ печлари, иситиш мосламалари ва бошқа иссиқлик манбаларидан нотўғри фойдаланишмоқда. Улар уй ичи иссиқ бўлсин деб, иситиш мосламаларини, энг ёмони газ плиталарини ёқиб қўйишади. Натижада одамнинг кўзига кўринмайдиган, ҳидсиз ва таъмсиз бўлган ис гази хонадонни тутиб кетади. Уни сезиб бўлмагани учун ҳам кўп ҳолларда заҳарланиш бошланганидан кейингина аниқланади.
Хўш, ис гази қаердан пайдо бўлади? У ёқилғидаги углерод кислород етишмаган шароитда тўлиқ ёнмаганда ҳосил бўладиган заҳарли модда ҳисобланади. Носоз газ ускуналари, иситиш печлари, тиқилиб қолган дудбурон ва мўрилар, ҳаво айланиши ёмон жойларда ис гази билан боғлиқ хавф янада ортади. Кўпчилик бу фақат эски печлар билан боғлиқ деб ўйлайди. Аслида техник меъёрларга жавоб бермайдиган иситиш қурилмалари, ёпиқ гараж ёки хонада ишлаётган автомобиль двигатели ҳам жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Агар ис гази организмга кирса, у қондаги гемоглобин билан тез бирикиб, кислороднинг тўқималарга етказилишини тўхтатади. Энг аввало мия ва юрак-қон томин тизимини зарарлайди. Унинг дастлабки белгилар шуки, кишида кучли бош оғриғи пайдо бўлади, ҳолсизлик, бош айланиши, кўнгил айниши, нафас қисиши каби ҳолатлар кузатилади. Бундан ташқари, ҳушдан кетиш, тиришиш, юрак ишининг бузилиши бўлиши ҳам мумкин.
Мабода хонадаги бир неча кишида бир вақтнинг ўзида худди шундай аломатлар пайдо бўлса, дарҳол тоза ҳавога чиқиш, хавфсиз бўлса газ манбаини ўчириш, эшик ва деразаларни очиш лозим. Электр жиҳозларини ёқиш эса мутлақо таъқиқланади. Шунингдек. “112” ёки “103”га қўнғироқ қилиб, тез ёрдам ходимларини чақириш керак. Шифокорлар воқеа жойидаги кишилар соғлом, ис газидан заҳарланиш аломатлари сезилмаса ҳам уларни тиббий кўрикдан ўтказишлари шарт. Боиси заҳарланишдаги баъзи асоратлар кейинроқ намоён бўлиши ҳам мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу мавзуда йил давомида мунтазам огоҳлантириб, тушунтириш ишлари олиб боришади. Аммо шундай бўлса ҳам кўнгилсиз воқеалар содир бўлиб турибди. Юртдошларимиздан сўрардикки, қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, тунги вақтда иситиш тизимини назоратсиз қолдирмаслик, ошхона газ плитасидан хонани иситиш учун фойдаланмаслик, печ ва мўриларнинг созлигига, уларнинг тўсилмаганлигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беришлари керак. Хавфни фожиага айлантирмасдан аввал газ ускуналари ва иситиш мосламаларини малакали мутахассисларга текширтириш, дудбурон ва мўриларнинг тортиш кучини назорат қилиш, хонада доимий ҳаво алмашинувини таъминлаш, ис газини аниқловчи сигнализатор ўрнатиш лозим. Ушбу тадбирлар хавфни эрта аниқлашга ёрдам беради. Зеро, эътиборсизлик бир умрлик пушаймонга айланмасин.
Шаҳнозахон СОДИҚОВА тайёрлади.