Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди
Аллоҳ таоло Ер юзидаги турли ризқларни инсон манфаати учун яратган. Бироқ ҳар бир неъ матдан баҳраманд бўлишнинг ҳам ўзига яраша одоби ва меъёри бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Ушбу оятда киши еб-ичишда исрофга йўл қўймаслигидан огоҳлантирилади. Афсуски, бугунги кунда аксарият одамлар овқатланишни эҳтиёж эмас, балки ҳузурланиш, нафсни қондириш ва баъзан ўзини бошқаларга кўз-кўз қилиш воситасига айлантириб қўймоқда.
Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган (даражадаги) емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир”, дедилар».
Бу ҳадис инсон саломатлиги, руҳий тарбияси ва нафсни жиловлаш борасидаги ҳикматларни ўз ичига олган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қоринни тўлдириб юборишни қоралаб, инсонга ҳаёт учун етарли миқдорда овқатланишни тавсия қилмоқдалар. Аслида, кўпчилик исроф деганда овқатни чиқиндига ташлашни тушунади.
Албатта, бу исрофнинг бир кўриниши. Аммо Ислом таълимотига кўра, эҳтиёждан ортиқча ейиш ҳам исроф саналади. Инсон танаси қабул қиладиган миқдордан ортиқча истеъмол қилинган ҳар бир луқма нафақат молнинг, балки саломатликнинг ҳам исрофи бўлади.
Бугунги кунда тиббиёт илми ҳам ушбу ҳақиқатни тасдиқламоқда. Семизлик, қандли диабет, юқори қон босими, юрак-қон томир касалликлари, жигар ва ҳазм тизими билан боғлиқ кўплаб хасталикларнинг келиб чиқишида ортиқча овқатланиш муҳим омил сифатида қайд этилмоқда. Бу ҳолатни кундалик ҳаётимизда ҳам кўриш мумкин. Масалан, тўй ва зиёфатларда баъзи инсонлар қорни тўйган бўлса ҳам, дастурхондаги ҳар бир таомдан татиб кўришга ҳаракат қилади. Натижада ўзини ноқулай ҳис қилади, ҳазми бузилади, баъзан эса соғлигига жиддий зарар етади.
Яна ҳам ачинарлиси, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда турли мукофотлар эвазига кўп овқат ейиш мусобақалари урф бўлмоқда. Айримлар бир неча кишига етарли таомни якка ўзи истеъмол қилиш билан мақтанади. Бошқалар эса буни томоша қилиб, қизиқарли машғулот, деб қабул қилади. Ҳолбуки, бу нафсни тарбиялаш эмас, балки унинг қулига айланишдир.
Бошқа бир ҳолатга эътибор қаратайлик. Айрим оилалар меҳмон кутишни миллий урф-одат деб эмас, балки дастурхоннинг тўкинлиги билан ўлчай бошлаган. Натижада ўнлаб хил таомлар тайёрланади, аммо уларнинг катта қисми ейилмай ортиб қолади. Кейин эса чиқиндига ташланади. Бу нафақат иқтисодий зарар, балки Аллоҳ берган неъматга ношукрлик ҳамдир.
Уламолар таъкидлашича, қориннинг ҳаддан ташқари тўлиши инсон қалбига ҳам таъсир қилади. Кўп ейиш уйқуни кўпайтиради, дангасаликни кучайтиради, ибодатга рағбатни камайтиради. Шунинг учун солиҳ кишилар ҳамиша овқатланишда меъёрни сақлашга ҳаракат қилганлар. Таом инсонга ибодат, ҳалол меҳнат қилиш, оиласи ва жамият олдидаги масъулиятларини адо этиш учун куч-қувват бериши керак. Агар инсоннинг ўй-хаёли фақат овқат ейиш бўлиб қолса, бу унинг маънавий камолотига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек, қоринни тўлдириб эмас, балки меъёрда овқатланиш саломатликни сақлайди, нафсни тарбиялайди, шукрни зиёда қилади ва инсонни исрофдан асрайди.
Шаҳобиддин ҒУФРОНОВ,
Денов туманидаги “Хазарбоғ” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан