Қатарда “Энг кучлилар ғолиби” номли III халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилади
Қатар пойтахти Доха шаҳрида Қуръони карим бўйича “Энг кучлилар ғолиби” деб номланган III халқаро мусобақа иштирокчиларини кутиб олиш бошланди. Бу ҳақда IQNA нашри “Аш-Шарқ” газетасига таяниб хабар берди.
Мусобақа Қатар Вақф ва ислом ишлари вазирлиги томонидан” Шайх Жасим бин Муҳаммад бин Саний” номидаги Қуръони карим мусобақасининг халқаро босқичи доирасида ташкил этилмоқда. Унда халқаро Қуръон мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ҳофизлар иштирок этади. Бу йилги мусобақанинг якуний босқичида 19 мамлакатдан 42 нафар иштирокчи қатнашади. Дастлабки саралашда эса 35 мамлакатдан 98 нафар номзод иштирок этган эди.
Мусобақанинг биринчи босқичи жорий йилнинг 9 ноябрь куни бошланиб, 14 ноябрга қадар давом этади, 15 ноябрь куни натижалар эълон қилинади ва энг юқори натижа кўрсатган 10 нафар иштирокчи финал босқичига йўлланма олади. Ҳал қилувчи баҳслар 16 – 17 ноябрь кунлари ўтказилади. Танловнинг тантанали ёпилиш маросими эса 19 ноябрга белгиланган.
Иштирокчилар Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш, қироат қоидалари, тажвид, оҳанг ва Қуръони каримдаги сўзлар маъносини тушуниш бўйича халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
Мусобақанинг бош соврини “Энг кучлилар ғолиби” унвони ҳамда биринчи ўрин соҳиби учун бир миллион Қатар риёли миқдоридаги пул мукофотидир.
Манба: IQNA электрон сайти, “Аш-Шарқ” газетаси маълумотлари асосида Илёсхон АҲМАД тайёрлади.