ОМОНАТДОР ПОДШОҲНИНГ ШАФҚАТЛИ ЎҒЛИ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёзишича, отаси Умаршайх Мирзонинг: “Адолати бу мартабада эдики, Хитой карвони келадурғонда, Андижоннинг шарқий тарафидаги тоғларнинг тубида минг уйлик карвонни андоғ қор босдиким, икки киши қутулди. Хабар топиб, муҳассислар йибориб, карвоннинг жами жиҳотини забт қилди. Ҳарчандеким, вориси ҳозир йўқ эрди, бовужуди эҳтиёж сақлаб, бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларини солим топширди”. Мана, аждодларимизда омонатга муносабат қандай бўлган ва аслида ҳам қандай бўлмоғи керак! Ҳолбуки, минг уйлик савдо карвонининг бойлиги қай миқдорда бўлиши, бу мол-дунё эгалари энди йўқ экани эътиборга олинса, уларни бир-икки йил асраб, ворисларини излаб топиб, уни ҳеч бир нуқсонсиз (“солим”) топшириш, омонатга бу даражада эҳтиёткорлик қилмоқ учун одамда инсофу диёнат нечоғлик баланд бўлмоғи керак! Ахир тор манфаат йўлида, арзимаган мол-дунё учун виждонини сотадиганлар камми?! Дунёнинг қийматсиз матоҳини деб наинки бир карвон, ҳатто бутун бошли эл-юрт ҳақини туя қилишдан тоймайдиганлар озми?! Ҳар ҳолда, бир ҳақиқат аниқ: ундайлардан Бобурдай фарзанд дунёга келмайди. Заҳириддин Муҳаммаднинг Умаршайх Мирзодай омонатдор, адолатли инсон оиласида дунёга келишида ҳам Яратганнинг улуғ ҳикмати, буюк адолати бор, назаримизда.
Шунинг учун ҳам Бобур ҳукмдор сифатида адолатли сиёсат юритди. Ёмонликка ҳам яхшилик билан жавоб қайтаришни ҳаётий аъмоли деб билди (Бобурнинг ҳаётига қасд қилган малика Байдага муносабатини эсланг!) Унинг:
Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма,
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма,
деган мисраларини эслайлик. Яъни: “Эй инсон, мансаб-мартабанинг қай мақомига эришсанг ки ададсиз мол-дунё соҳиби бўлсанг ҳам, меҳнату машаққат билан кун кечираётганларни ёдингдан чиқарма. Унутмагин, бу мартаба ҳам, молу давлат ҳам беш кунлик, яъни вақтинчаликдир”.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
* * *
Заҳиридддин Муҳаммад Бобур буюк саркарда ва давлат арбоби, айни чоғда силаи раҳмда, аёлларга, жумладан, ўз аҳлига эҳтиромда ҳаммага ўрнак бўларли даражада шафқатли ва меҳрибон шахс эди. Энг қалтис вазиятларда ҳам энг биринчи оналарга, аёлларга ҳурмат кўрсатган. Жумладан, бир воқеа “Бобурнома”да қуйидагича тасвирланган: “Бу маҳалда Шайбонийхон сулҳ сўзини арога солди. Aгар бир тарафдин умидворлик бўлса эди, ё захира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солар эди. Зарурат бўлди, сулҳгина қилиб, кечадин икки паҳр бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидан чиқилди. Волидам хонимни олиб чиқдим. Яна икки хотин киши чиқди: бири Бичка халифа эди, бири Минглик кўгалтош эди. Менинг эгачим Хонзода бегим ушбу чиққанда Шайбонийхоннинг илкига тушди…”.
Хонзода бегим укаси Бобур ва салтанат тинчилиги йўлида ўзини фидо этиб, Шайбонийхон билан никоҳланади ва ундан бир ўғил кўради. Исмини Хуррамбек қўйишади.
Шайбонийхон қатлидан сўнг Хонзода бегим укаси Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг саройи – Кобулга қайтиб келади. Кўп ўтмай ўғли Хуррамбек вафот этади. Хонзода бегим ўзининг ақл-идроки ва тадбиркорлиги натижаси ўлароқ, сарой маликалари орасида юксак эътибор қозониб, Бобуршоҳ ва унинг тахт вориси Ҳумоюн саройида ҳам маслаҳатчи вазифасини бажарган.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан