Хўрозқанд ё хипчин…
Бобомни хотирласам, оппоқ яктак кийган, белбоғи ўзига ярашиб турган нуроний гавдаланади. Белбоғининг қатида эса доимо хўрозқанд бўларди. Бозордан қайтишини сабрсизлик билан кутардик. Чунки у киши ҳар гал хўрозқанд улашар ва бошимизни силаб:
– Бахтинг буюк бўлсин, – деб дуо қиларди.
Бу ширинликнинг мазасидан кўра бобомнинг мурувват-эътибори биз учун азиз эди. Бобом уй вазифаларимизни доимо назорат қилиш билан бирга, ҳафта давомида энг кўп «5» баҳо олганимизни хўрозқанд билан мукофотлар, паст баҳо олган эса ширинликдан ҳам, мақтовдан ҳам маҳрум қолар эди.
– «5» олмасанг, хипчин ейсан! – деб узун гавронини кўрсатиб қўярди.
Бу қўрқитиш эмас, балки тарбиянинг содда усули эди. Бундай интизом ортида эса меҳр ётарди. Бобом ширинсўзлар айтиб, ҳовлидаги юмушларни қилдирар ва иш охирида бизни тақдирлаб ҳам қўярди.
Ҳаёт йўлимга назар ташласам, олий маълумотли, ҳақиқий шахс бўлиб етишишимизда доно бобомнинг ҳиссаси катта бўлган экан. У киши бизни ўқишга, меҳнатга, ҳаёт мактабига тайёрлаганини англайман.
Афсуски, бугун бу манзара ўзгарди. Маҳалла-кўй, оилаларда доно, куюнчак, меҳрибон, айни чоғда қаттиққўл оталар, боболар етишмаётгандек кўринади…
Абдусаттор ҒОФУРОВ,
Бешариқ тумани
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан