БУЮК МУВОЗАНАТ
Коинотга назар солганимда, мен у ерда бетартибликни эмас, балки ақл бовар қилмайдиган даражадаги нозик мувозанатни кўрдим. Бу мувозанат шунчалик аниқки, агар бирор-бир қонуният заррача ўзгарса, бутун борлиқ парчаланиб кетган бўларди. Масалан, Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигини олинг. Агар у ҳозиргидан секинроқ айланганида, кундузларимиз шу қадар иссиқ бўлардики, ҳамма нарса ёниб кетарди. Кечаларимиз эса шу қадар совуқ бўлганидан барча нарса музлаб қоларди. Агар Ер Қуёшга бироз яқинроқ бўлганида, биз куйиб кул бўлардик, аксинча, бироз узоқроқ бўлганида, муз қотиб қолардик.
Буларнинг бари тасодифми? Тасодиф фақат бетартибликни келтириб чиқаради. Мувозанат эса ирода ва илмнинг ҳосиласидир.
Табиатда ҳар бир нарса ўз зидди билан мувозанатда туради. Иссиқ ва совуқ, мусбат ва манфий зарядлар, тортишиш ва итариш кучлари. Коинот – бу кучларнинг бир-бирини йўқ қилиши эмас, балки бир-бирини тўлдириб, ҳаётни давом эттириши. Ҳатто ҳаво таркибидаги газларнинг нисбати ҳам ўта аниқ. Агар кислород ҳозиргидан бир оз ошса, Ер юзидаги ҳар қандай кичик учқун улкан ёнғинларга сабаб бўларди. Агар бироз камайса, нафас ололмай қолардик. Биз “табиий” деб қабул қиладиган борлиқдаги ҳар бир нарса, жараён, ҳодиса аслида миллионлаб эҳтимоллар ичидан танлаб олинган ягона тўғри ечим – Буюк мувозанатдир.
Бу мувозанат нафақат юлдузларда, балки бизнинг танамизда ҳам мавжуд. Қонимизнинг ишқорлик даражаси, танамизнинг ҳаро рати, ҳужайралардаги кимёвий жараёнлар – буларнинг бари сония сайин энг нозик мувозанатда сақланиб туради, ҳатто ухлаётганимизда ҳам.
Борлиқдаги барча каттаю кичик, жонли ва жонсиз жисмларнинг жисмоний мувозанати маънавий дунёдаги Адолатнинг инъикосидир. Юлдузларни ўз ўрнида тутиб турган, кўзга кўринмас ҳаво таркибидаги заррачаларни ҳам ўта аниқлик билан ўлчаб қўйган Зот, шак-шубҳасиз, инсонларнинг амалларини ҳам аниқ мезон – тарози билан ўлчайди. Ҳеч бир нарса беҳисоб эмас ва ҳеч бир нарса бекорга яратилмаган.
Буларнинг бари бизни оламдаги “тасодифлик” ва “табиийлик” ғоясидан воз кечиб, ҳар бир жараён ва ҳодиса ортида Буюк Ақл борлигини тан олишга чорлайди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws