Эркинликнинг ҳам чегараси бор
Халқимизда «Олма олмадан ранг олади», деган нақл бор. Яқинларимиз ёки кўп ҳамсуҳбат бўладиган инсонлар сабаб баъзан ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетади. Янги уйга кўчиб келган Феруза билан ҳам шундай бўлди. Ён қўшниси унинг уйига серқатнов бўлиб қолди. Бир куни ўша аёл Ферузани меҳмонга чақирди.
У:
– Турмуш ўртоғим ҳали-замон келиб қолади. У кишидан сўрамай чиқолмайман, – деди.
Бу гапдан хафа бўлган қўшни:
– Шунинг учун ҳам ажрашганман. Мен эркин инсонман, ортиқ келин эмасман. Сизга ўхшаб унинг қош-қовоғию хоҳишларига қарамайман, – деди.
– Аёл кишининг бошида эри бўлгани яхши, ўғил-қизларига ота керак. Шу билан оила тўкис бўлади, – деди Феруза.
Қўшни аёл бир неча йил аввал бўлган воқеани эслади. Ўшанда дугонаси эридан ажрашиб, яна ҳам бахтли эканини айтган, айниқса, эркинликда хоҳлаган ишини қилаётгани билан керилган эди. Шундан кейин ичига ғашлик тушиб, «Эркин аёл» бўлиш истагида эрига қилмаган эркалиги қолмади. Иш шу даражага бориб етдики, ҳамиятига теккан эркак ажрашишга рози бўлди.
Оиласига ғамхўр эркаклар доимо бировларнинг гапига кириб, ҳаддидан ошаётган аёлини тарбиялашга ҳаракат қилади, аммо барча ҳам баравар эмас…
Ижтимоий тармоқлардаги рақамларга кўра, афсуски, 2025 йилнинг биринчи ярмида ажримлар 23,3 мингтани ташкил этган…
Зулайҳо СОАТОВА, Тошкент шаҳар бош отинойиси:
– Ўтган йилги маълумотларга кўра, 1221 та оила ажрим ёқасига келиб қолган. Уларнинг сабаблари турлича. Жумладан, учинчи шахс аралашуви, эр-хотиннинг бир-бири билан муросасизлиги ва ҳоказо. Аёл киши аввало ўз фикрига эга бўлиши, оиласидаги вазиятни ҳам инобатга олиши лозим. Баъзи аёлларимизнинг хоҳиш-истаклари чегарасиз. Арзимаган баҳоналар билан ажрашади. Лекин эркакларни ҳам оқламайман. Сабаби, эркак тарбиячи бўлиши, оиласига меҳр бериши, таъминлаши зарур. Айримлар аёлининг инжиқликларига сабр қилиб, мулойимлик билан тарбиялаш ўрнига «ажрим» деган хулосага келади. Афсуски, жаҳлда «талоқ» ҳолатлари ҳам бўлиб қолмоқда.
Оила бир инсоннинг меҳнати билан бунёд бўлмайди. Ташқаридаги ҳар қандай ғийбат-иғволарга эр-хотин учмаслиги, бир-бирига суяниши, ўзаро маслаҳат билан иш тутиши лозим. Қуръони каримда оилавий муносабатлар эр-хотиннинг ҳар иккисига ҳам боғлиқлиги айтилади: «Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз» (Бақара сураси, 187-оят).
Гулсара УСМОНОВА, Навоий вилояти бош отинойиси:
– Ажримларнинг кўпи хиёнат сабабли бўляпти. Ёшларга хиёнат нечоғлик оғир гуноҳлигини, ҳалол турмушнинг аҳамияти ҳақида панд-насиҳатларни кўп айтишимиз керак. Оила ҳақидаги тушунчаси етарли бўлмаган аксар ёшларнинг турмуши узоққа бормаяпти. Сиз айтаётган масалада ҳам ҳеч ким «Хўш, кейин-чи?» демаяпти. Ўйламасдан қилинган бу ишнинг жабрини эса болалар тортаяпти. Вақт ўтиб, фарзанд тарбияси, рўзғор ишлари аёлнинг қаддини букади. Кемтик оилада ўсган болалар етарли эътибор кўрмайди, камситишларга учрайди. Шу сабаб бир қарорга келар эканмиз, энг аввало, Аллоҳ таоло бизни масъул қилган, сўраладиганимиз фарзандлар келажагини ўйлашимиз, жаҳл устида хулоса қилмаслигимиз керак.
К. АБДУМАЛИК қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws