ТАН ОЛИНГАН ХАТО ТУЗАЛАДИ
Инсонни маънавий жиҳатдан емирадиган нарса — унинг қилган хатосини тан олмай, айбини оқлашга уринишидир. Чунки хатокорлик — инсоний ожизлик. Аммо хатони тан олмаслик эса кибрга бошлайди, аста-секин виждонни ўлдиради.
Инсон борки, билиб-билмай хато ёки гуноҳ ишга қўл уриб қўяди. Илк бор қалби безовта бўлиб, ёмон ишга мойиллик қилмайди. Аммо гуноҳ такрорланаверса, кун келиб, бу оддий ҳолга айланади. Ана шунда қалб қорайиб боради. Чунки «оқланган» гуноҳ илдиз отиб, инсоннинг ичида яшай бошлайди. Оқибатда ёлғон ва рост, ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бормайдиган бўлади.
Ёлғон ҳам шундай бошланади. Аввалига инсоннинг виждони қийналади. Кейин у аста-секин ўзини ишонтира бошлайди: «Бу замонда тўғри яшаб бўлмайди…», «Шундай демасам, ундай бўларди, бундай бўларди…» Шу тариқа у ёлғонга эмас, ҳақиқатга ёлғон қарашни бошлайди.
Ўғрилик қилган киши эҳтиёжини рўкач қилади. Жаҳлини жиловлай олмаган киши тажовузини «асабийман» деб оқлайди. Порахўр «ҳамма шундай қилади», дейди. Гиёҳванд ёки ичкиликка ружу қўйган киши «шу нарсасиз яшай олмайман», дея баҳоналар тўқийди.
Аммо баҳоналар уларни гуноҳдан холи қилмайди. Бир кун қилмиши учун жавоб беради. Ҳақиқат ҳақиқатлигича қолаверади.
Йўлда масофа сақламагани учун машинани уриб қўйган ҳайдовчи ҳам турли важлар келтиради: «Йўл бўш эди», «У тўсатдан тўхтади…» Лекин ҳақиқат битта: қоидани бузган — ўзи. Ҳеч қандай сабаб уни оқламайди.
Бу ҳақиқатни биз Иблис ва Одам алайҳиссалом қиссасида ҳам кўрамиз. Шайтон Раббига осийлик қилиб, Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортганида, хатосини тан олмади. Аксинча, ўзини оқлашга киришди. Такаббурлиги шунга ундади. Келтирган далили эса асоссиз эди: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг» (Сод сураси, 76-оят ва Аъроф сураси, 12-оят).
Яъни Иблис бу билан ҳалокат йўлини танлади. Шу биргина такаббурлик уни раҳматдан маҳрум қилди.
Одам алайҳиссалом эса ман этилган дарахт мевасидан еб, хато қилганида, такаббурлик қилмай, кўп йиллар Раббига истиғфор айтиб, бундай илтижолар қилди: «Эй Раббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз» (Аъроф сураси, 23-оят).
Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилди.
Бизнинг ҳаётимиз ҳам шундай: қилган хатойимизни вақтида англаб, истиғфор айтсак, Аллоҳ таоло мағфират қилади ва Ўзига илтижо қилган бандани яхши кўради: «Албатта, Аллоҳ (шунгача билиб-билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси, 222-оят).
Инсонни буюк қиладиган нарса хатосиз яшаш эмас, балки «Мен адашдим», деб айбини тан ола билиш ва бу ишини қайта такрорламаслигидир. Чунки тан олинган хато тузалади, «оқланган» хато эса таназзулга олиб боради.
Жаъфар СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан