Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отаси Шайх Абдулбосит Абдуссомад ҳаётидаги бурилиш нуқтаси ҳақида сўзлаб берди
Миср ва бутун ислом оламининг машҳур Қуръон қориcи шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг ўғли Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отасининг ҳаётидаги унутилмас воқеа ҳақида ҳикоя қилди.
Унинг айтишича, отаси Қуръони каримни 10 ёшида тўлиқ ёд олган, 18 ёшида эса Қоҳирадаги Саййида Зайнаб розияллоҳу анҳо масжидида Қуръон тиловат қилган пайтида унинг ҳаёти бутунлай ўзгарган.
IQNA нашрининг “Сада ал – Балад” газетасига таяниб хабар беришича, Ториқ Абдулбосит Абдуссомад Мисрнинг “Ал – Ҳаят” телеканалида Амр ал – Лайс олиб борувчи “Одамлардан бири” дастурида иштирок этиб, отаси ҳақида хотиралари билан ўртоқлашган.
Унинг айтишича, Шайх Абдулбосит Абдуссомад Луксор вилоятидаги Армант шаҳрида таваллуд топган. Шайх Қуръони карим марказий ўрин тутган оила муҳитида вояга етган. У бобосининг йўлидан борган, отаси ва оиланинг барча аъзолари Қуръони каримни ёд олган ҳофизлар бўлишган.
Ториқ Абдулбоситнинг таъкидлашича, отаси дастлаб анъанавий Қуръони карим мактабида таҳсил олган ва 10 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб бўлган.
“Отам Қуръони каримга бўлган чексиз муҳаббати туфайли унинг барча етти ва ўн қироатини ўрганишга бел боғлади. У ўзининг гўзал ва оҳангдор овози билан танила бошлади.
Отам Шайх Муҳаммад Рифъатга алоҳида эҳтиром билан қарарди. Баъзан унинг тиловатини радио орқали эшитиш учун радио бор жойгача соатлаб пиёда йўл босарди”, – дейди Ториқ.
Унинг айтишича, отаси улғайгач, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтлари билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида Миср бўйлаб сафарга чиққан.
1950 йилларнинг бошларида Саййида Зайнаб розияллоҳу анҳо таваллуд айёми муносабати билан ўтказилган маросимлардан бирида у Қуръоннинг машҳур қорилари иштирок этаётган йиғинда қатнашади. Кутилмаганда шайхлардан бири ундан Қуръони каримдан тиловат қилиб беришини сўрайди.
У тиловатни бошлаши билан масжидда чуқур сукунат ҳукм суради. Тиловат тугагач эса ҳозир бўлганлар ҳайрат ва таҳсин билан унинг овозини олқишлай бошлайдилар.
Ўша пайтда у атиги 18 ёшда эди. Айнан шу йиғинда шайх Шаъшаъий ёш қорининг келажаги порлоқ бўлишини ва юксак мақомларга эришишини башорат қилади. Ториқ Абдулбосит бу воқеа ҳақида шундай дейди:
“Отам ҳаётидаги ушбу бурилиш нуқтаси унинг шуҳрати бутун Мисрга тарқалишига сабаб бўлди. Кейинчалик у Миср радиосида Қуръон қироати билан шуғулланувчи қори сифатида фаолият бошлади. Бу эса унинг бутун араб оламида танилишига йўл очди”.
Ториқ сўзида давом этиб, шундай дейди: “Оиламизда етти ўғил ва тўрт қиз бор эди. Отам Қуръони каримни эшитиш орқали ёд олган. Отам гўзал хулқи, меҳрибонлиги ва хушмуомалалиги билан танилган эди.
У фарзандларининг ҳам Қуръони каримни ёд олишларига жуда қатъий эътибор берарди. Ўзи кўпинча сафарларда бўлгани учун уйимизга Қуръон илмлари устозларидан бирини таклиф қилиб, бизга таълим беришини сўрарди”.
Шунингдек, у отасининг кийинишда ҳам, атир – упалардан фойдаланишда ҳам нозик дид соҳиби бўлганини таъкидлади.
Сўзининг якунида Ториқ Абдулбосит 1950 йилларнинг бошларида отаси Миср радиоси орқали Қуръони каримдан тиловат қила бошлаганида, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги оилалар унинг овозини эшитишни катта интиқлик билан кутишганини эслаб ўтди.
“Сада ал – Балад” газетаси маълумотлари асосида Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.