Муҳаббатга ким лойиқ?
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат ҳақида кўп гапирамиз. Салавот айтамиз, у зотга муҳаббатимиз чексиз деймиз. Аммо чин муҳаббат шулар билан ўлчанадими?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат инсоннинг у зотнинг суннатларига эргашишида, юриш-туришида, муомаласида, кечиримида, сабрида, адолатида кўриниши керак эмасми? Агар киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни «яхши кўраман» деса-ю, аммо хулқи қўпол, одамларга озор бериб, қалби кибрга тўла бўлса, бу кимсани Набий алайҳиссаломга муҳаббатли дея оламизми?!
Сўнгги пайтларда одамлар орасида бир-бирига нисбатан адоват, ҳасад, кўра олмаслик, очкўзлик каби иллатлар кўпайди.
Ачинарлиси, ака-ука, қариндошлар ўртасида ҳам бундай ҳолатларни кузатиш мумкин. Баъзида бу ишларни қиладиганларнинг ҳам оғзидан «Расулуллоҳни севаман», деган гаплар чиқади. Фақат тилда «яхши кўраман» дейиш билан иш битмайди.
Муҳаббатнинг намунаси у зотнинг суннатларига эргашиш, хулқларини ўрганиб, кундалик ҳаётга татбиқ этишда аслида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари инсонга чиройли муомала қилишни, кечиримли бўлишни, иш, оила ва ҳаёт жабҳаларида сабрли, шижоатли бўлишни, ҳатто қандай дўст танлашни, ҳақ билан ботилни ажратишни ўргатади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ҳар бир давр мусулмонлари учун йўл кўрсатувчи буюк маёқ кабидир.
Афсуски, баъзилар ўзга миллат ва дин вакилларига ўхшашга ошиқадилар. Кийиниши, гапириш услуби, юриш-туриши билан уларга тақлид қиладилар. Бу билан ўзлигини ҳам, динини ҳам унутаётганини сезмайди. Баъзилар одамлар олдида ўзини диндор қилиб кўрсатади, аммо ёлғиз қолганда ёки бирор манфаат устун келганда бутунлай бошқа қиёфага киради. Тилда тақво, амалда ноҳақлик, ташқи кўринишда диндорлик, муомалада эса қўполлик қиладилар. Бу ҳаракатлар кишиларда шубҳа уйғотади ва баъзиларнинг диндан совишига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳар бир мўмин ўзини саволга тутиши керак: «Менинг хулқим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидекми?»
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севса, у зотнинг раҳмдиллигига, адолатига, ҳаёсига, вафоси ва кечиримига яқинлашишга ҳаракат қилади. Ахлоқ билан безалган муҳаббат эса инсонни ҳам, жамиятни ҳам нурлантиради.
Шунинг учун ҳар бир хонадонда сийрат китоби ўқилиши, ёшлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидан ибрат олиб улғайиши керак.
Бир сўз билан айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чиндан севиш – у зот ҳақида кўпроқ билиб, ўрганганларини ўз ҳаётида намоён этишдан бошланади. Зеро, у зотга муҳаббатли бўлиш икки дунё саодати ва гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws