Васиятга доир масалалар
Динимизда васият қолдирувчи вафотидан кейин қарзларини тўлаш, омонатларни топшириш каби ишларни васийга юклаши васиятдир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу касал бўлиб, вафоти яқинлашганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни йўқлаб келдилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, молим кўп ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини (бошқаларга) васият қилиб юборайми?” деди. У зот алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. “Молим нинг 2/3 (учдан иккиси)ничи?” деди. “Йўқ”, дедилар. “Ярми (1/2)ничи?” деди. “Йўқ”, дедилар. “Учдан бири (1/3)ничи?” деди. “Учдан бир (1/3), у ҳам кўп. (Билгинки), Сен меросхўрларингни бой ҳолида ташлаб кетишинг уларни ўзгаларга қарам бўлиб, улардан тиланиб юрадиган ҳолда қолдириб кетганингдан афзалдир…” дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган). Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Саъд ибн Абу Ваққосга молининг 1/3 ини васият қилишга рухсат бериб, сўнг: “Учдан бири ҳам кўп”, деб айтишлари молнинг 1/3 дан кўп қисмини васият қилмасликка далолат қилади.
Васият миқдори 1/3 қисмдан ортиб кетмаслигининг ҳикмати меросхўрларга зарар етказмасликдир. Киши вафот этгач дафнига сарф бўлган ва қарзлари адо этилгандан сўнг қолган молининг 1/3 қисмидан васияти адо этилади.
Динимизда меросхўрга васият қилинмайди. Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом видолашув ҳажидаги хутбаларида бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Ворисга васият қилиш йўқ…”» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалломнинг “Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди”, деганларидан мерос оятларида белгиланган ҳар бир вориснинг ҳақи тушунилади. Шунинг учун ҳам у зот: “Ворисга васият қилиш йўқ”, дедилар. Яъни меросхўр Аллоҳ таоло бўлиб берган насибасини олади.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси, Уламолар кенгаши аъзоси, ТИИ доценти, PhD
“Ҳидоят” журналининг 2029 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws