Аёлнинг пешқадамлик жиҳати
Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз яратилгач, Одам отамиздан “Ҳаввони севасанми?” деб сўралди. Шунда у зот дарров: “Ҳа”, деб жавоб берди. Момо Ҳавводан сўралганида у: “Йўқ”, деди. Аммо юрагида муҳаббат Одам алайҳиссаломникидан бир неча баробар ортиқ эди…
Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикмати ила икковлари Ер юзига туширилиб, бир неча кун бир-бирларини қидириб топишгач, Одам Ҳаввога: “Қаерларда эдинг? Мен сени кундузлари қидирдим”, деди. Шунда Ҳавво онамиз: “Мен эса сизни кундузлари ҳам, кечалари ҳам қидирдим”, дейди.
Шундан хулоса қилиб айтамизки, меҳр-муҳаббат борасида аёл эркакка нисбатан пешқадамдир. Бу эса аёлга хос хусусият ва шу билан бирга мислсиз фазилатдир. Суад Фотиҳ аёлларга насиҳат қила туриб: “Азизаларим, жуфти ҳалолларингизни севинг, севишдан малолланманг, севишдан уялманг, севишингизни яширманг! Жуфтингизнинг хизматини муҳаббат билан бажаринг, уларга меҳр билан таом ҳозирланг, уст-бошларини меҳр билан ювинг. Ҳар бир сўзингизу ҳар бир амалингиздан муҳаббатингиз кўриниб турсин. Севинг, севинг ва севишдан чарчаманг”, деган эди.
Ҳа, аёллар, сиз меҳр-муҳаббат манбаисиз! Аллоҳ таоло сизга инъом этган бебаҳо қалб жавҳарини тараддудсиз ишга солинг, иншоаллоҳ, беҳисоб ажрга эга бўласиз.
Одинахон МУҲАММАД СОДИҚ
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws