Асрларга татигулик неъмат
Оммавий ахборот воситалари ва расмий манбаларда мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солувчи бир қатор оғир жиноятларнинг олди олингани ҳақида хабарлар эълон қилиняпти. Жумладан, интернет манбаларига асосан, Сурхондарё вилоятида афғон қозонлари орасига яширилган қарийб 191 килограмм гашиш фош этилди. Шу манбада қайд этилишича, Афғонистондан мамлакатимизга қарийб 38 килограмм гиёҳвандлик моддасини олиб киришга бўлган уриниш ҳам бартараф этилиб, Термиз шаҳрида икки нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинди. Qalampir.uz интернет нашри хабар беришича, Тошкент шаҳрида қиймати 350 минг АҚШ долларига тенг наркотик моддалар билан чет эллик шахс ушланди. Расмий маълумотларга кўра, қонуний тартибда мусодара қилинган қарийб уч тонна гиёҳвандлик воситалари махсус тартибда ёқиб йўқ қилинган.
Бир қарашда бу рақамлар оддий тезкор хабарларга ўхшайди. Аслида эса улар ортида сақлаб қолинган инсон тақдирлари, асраб қолинган оилалар ва ҳимоя қилинган келажак мужассам. Агар бу заҳарли моддалар ўз манзилига етганида, қанчадан-қанча ёшлар тақдири издан чиқиши, қанча оилага мусибат кириши мумкин эди.
Бу воқеликлар юртимиздаги осойишталик тасодиф эмаслигини яна бир бор кўрсатади. Бунинг ортида Ватан сарҳадларини ҳушёрлик билан қўриқлаётган чегарачилар, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик идоралари ходимларининг фидокорона хизмати турибди.
Шубҳасиз, инсон учун тинчликдан улуғ неъмат йўқ. Бойлик ҳам, мансаб ҳам, шон-шараф ҳам фақат осуда юртдагина қадр топади. Осуда мамлакатда илм юксалади, иқтисодиёт тараққий этади, маънавият бойийди ва инсоннинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади.
Афсуски, бугунги дунё воқеликлари бу неъматнинг қадрини янада теранроқ англатмоқда. Уруш ва қуролли можаролар туфайли вайрон бўлган шаҳарлар, бошпанасиз қолган оилалар, ота-она меҳридан маҳрум бўлган болалар ҳар бир инсон учун хотиржам ҳаёт қандай буюк бахт эканини яққол намоён этади.
Тарих ҳам бунинг энг ишончли гувоҳидир. Инсоният бошидан кечирган Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди, шаҳарларни вайронага, тақдирларни эса изтиробга маҳкум этди. Бу фожиа барчага бир ҳақиқатни англатди: осойишталикни йўқотиш бир лаҳза, уни қайта тиклаш эса йиллар, ҳатто ўн йиллаб давом этадиган машаққатдир.
Юртимиз тарихида ҳам адолат ва барқарорлик доимо юксак қадрланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг: «Куч адолатдадир», деган ҳикматли сўзи бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Зеро, адолат қарор топган жамиятдагина барқарор тараққиёт ва осойишталик таъминланади.
Динимиз ҳам омонлик ва хотиржамликни Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан деб билади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким тонгда уйғонса, жони омон, бадани соғ ва бир кунлик ризқи бор бўлса – гўё унга бутун дунё берилгандек” (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, бу улуғ неъматнинг бардавом бўлиши ҳар биримиздан масъулият талаб этади. Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, барпо этилаётган янги мактаблар, шифохоналар, замонавий корхоналар, обод маҳаллалар ҳамда ёшларимизнинг халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқлари айнан хавфсиз ва барқарор муҳит самарасидир. Мустақиллик йилларида амалга оширилган диний-маърифий ислоҳотлар ўтмиш меросини асраш билан чекланмай, унинг маънавий сабоқларини бугунги ҳаётга татбиқ этиш учун мустаҳкам замин яратди. Бугун бу эзгу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг маънавий юксалишига хизмат қилиш баробарида, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий ҳиссасини дунёга кенг танитмоқда.
Зеро, аждодларимиз бизга фақат бой тарих эмас, балки илмга эҳтиром, адолатга садоқат, бағрикенглик ва инсон қадрини улуғлаш каби абадий қадриятларни мерос қилиб қолдирган. Ана шу фазилатлар билан тарбияланган авлодгина бу муқаддас омонатнинг ҳақиқий вориси бўла олади.
Энг муҳими, бу юксак қадриятлар ҳар биримиздан юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси, эзгу амал ва юксак масъулиятни талаб этади.
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги арафасида ҳар биримиз ўзимизга бир савол беришимиз лозим: бу улуғ неъматнинг қадрига муносиб даражада етаяпмизми? Уни асраш учун ўз ҳиссамизни қўшаяпмизми? Чунки истиқлол ҳалол меҳнат, юксак масъулият ва эзгу амал билан мустаҳкамланадиган муқаддас омонатдир.
Мустақиллик халқимизга берилган Аллоҳнинг буюк фазлидир. Унинг бардавомлигини таъминлаш эса сизу бизнинг саъй-ҳаракатимиз ва шукр билан яшашимизга боғлиқ. Шундай экан, бу омонатни келажак авлодларга ҳам бус-бутун ва барқарор ҳолда етказишимиз лозим.
Олимхўжа ШАМШИХОДЖАЕВ,
Зангиота туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жомеи имом ноиби
(А.Азизов уюштирди.)
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 16-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws