Камхарж тўй баракали бўлади
Оила қуриш инсон ҳаётидаги бўлади Бироқ бугун айрим ёшлар никоҳга тайёр бўлсалар ҳам, ортиқча тўй харажатлари ва дабдабали маросимлар сабабли бу хайрли ишни кечиктирмоқдалар.
Аслида динимиз никоҳни қийинлаштиришни эмас, енгиллаштиришни тарғиб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва саҳобаларнинг амаллари бунинг энг ёрқин намунасидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига баъзи саҳобалар келиб, оила қура олмаётганларидан шикоят қилишарди.
Улар:
– Оиламизни таъминлашга қийналмоқдамиз. Лекин оила қурмасак, нафсимиз ва шайтоннинг васвасасига эргашиб қолишдан қўрқамиз, – деб маслаҳат сўрашганида,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
– Эй ёшлар жамоаси! Агар уйланишга қодир бўлсангиз, уйланинглар. Чунки никоҳ кўзни ҳаромдан тўсади ва иффатни сақлайди. Агар бунга қодир бўлмасангиз, рўза тутинглар. Зеро, рўза инсон учун қалқондир”(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Демак, бу ҳадисдан маълум бўладики, қодир бўлган инсон оила қуриши лозим.
Бир ўйлаб кўрайлик: бугун “оила қуришга қодир эмасман” деган тушунча нимани англатмоқда? Кўп ҳолларда бу оиласини боқа олмасликни эмас, балки қимматбаҳо тўй ўтказишга қурби етмасликни англатади. Шунинг учун ҳам кўплаб ёшлар уйланишни кечиктириб, тўй харажатлари, ортиқча маросимлар ва дабдабали тадбирларни баҳона қилиб кўрсатмоқдалар.
Шу ўринда ўзимизга бир савол берайлик: тўйнинг асл мақсади нима?
Кўпчилик тўйнинг мазмунини турлича тушунади. Бироқ шариат нуқтаи назаридан унинг асосий вазифаси никоҳни эълон қилиш ва қувончни яқинлар билан баҳам кўришдан иборат.
Бунинг ёрқин намунасини саҳобалар ҳаётида ҳам кўрамиз.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бойлиги ва саховати билан машҳур саҳобалардан эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотни кўриб қолдилар. Кийимларида янги уйланган кишиларга хос бўлган заъфарон излари бор эди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Эй Абдураҳмон, сенда уйланганлик аломатини кўряпман, – дедилар.
У зот:
– Ҳа, ё Расулуллоҳ, уйландим, – деб жавоб берди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб:
– Маҳрга нима бердинг? – деб сўрадилар.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу:
– Бир данакча оғирлигида тилла бердим, – деди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Яхши. Бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат қилиб, никоҳингни эълон қилгин, – дедилар. Ҳолбуки, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўнлаб, ҳатто юзлаб қўй сўйишга ҳам қодир эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга битта қўй билан зиёфат қилишни тавсия этдилар. Бу тавсияда катта ҳикмат бор эди. Агар никоҳ катта сарф-харажатлар билан боғлаб қўйилганида, кейинги авлод уни янада ошириб борган бўлар эди. Натижада имконияти чекланган ёшлар ўзларини оила қуришга қодир эмас деб ҳисоблай бошлар эдилар.
Афсуски, бугун айрим ҳолларда айнан шундай манзарани кўриб турибмиз. Ортиқча харажатлар ва дабдабали маросимлар баъзи ёшлар учун никоҳ йўлида қўшимча тўсиқ бўлиб қолмоқда. Натижада оила қуриш осонлашиш ўрнига янада қийинлашиб бормоқда.
Аслида, мусулмонлар тарихида тўй ва зиёфатлар имкониятга қараб, ортиқча исрофсиз ўтказилган. Барака эса кўп харажатда эмас, балки Аллоҳнинг розилигига мувофиқ амал қилишдадир. Шунинг учун ҳам никоҳни енгиллаштириш ва уни суннатга мувофиқ тарзда ўтказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи никоҳларида одамларни чақириб, жуда содда зиёфат берганлар. Дастурхонда хурмо, ёғ ва оддий таомлар бўлган. Бироқ ана шу содда йиғинларда барака, меҳр-оқибат ва саодат мужассам эди.
Бу ривоятлардан кўриниб турибдики, суннатда никоҳнинг енгил ва баракали бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис бугун ҳам оила қуришни осонлаштириш, исроф ва дабдабадан воз кечиш, никоҳ маросимларини суннатга мувофиқ тарзда ўтказиш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, никоҳ қанча енгиллашса, ёшларимиз шунча тез ва хотиржам оила қуради, оилалар мустаҳкамланади.
Унутмайлик, тўйнинг қадри сарфланган маблағ билан эмас, ундаги барака билан ўлчанади. Барака эса исроф ва дабдабада эмас, Аллоҳнинг розилигига мувофиқ, суннат асосида қилинган амалдадир.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 16-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws