Мақолалар

Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир

Чоп этилди Dekabr 26, 2019 Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардирda fikr bildirishni o'chirish

Мўмин киши ўзида Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати билан чексиз завқу шавқ туяди. Аллоҳни зикр қилганда қалблари эриб кетади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«Мўминлар – Аллоҳ (номи)зикр этилганида дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида)таваккул қиладиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва)эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 2–4).

Оятдан маълум бўлади, мўмин кишини билиш учун унга Аллоҳни зикр қилиш керак. Аллоҳ зикр қилинганида, қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Масалан, бирор ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилганда Аллоҳдан қўрқиб ўша ишни бажаришга киришган одам комил мўмин бўлади. Гапни эшитиб туриб, Аллоҳ зикр қилинганидан кейин ҳам қўрқмай, у ишдан бўйин товлаган одам итоатли мўмин эмас.

Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, имони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, имонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аллоҳдан паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишни сўрайдиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишилар мўминдир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат итоат билан бўлади. Мўмин киши ҳар бир ишини режа асосида, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин бажаради. Лекин ўша тадбирларга суяниб қолмайди. Ўзининг уддабуронлигини пеш қилиб, яхши режа тузган эдим, деб ўз фикрига суяниб ҳам қолмайди, балки ягона ва тенги йўқ Аллоҳга суянади.

Оятда “намозни тўкис адо этадиганлар”, дейилмоқда. Намоз имонни тасдиқловчи амалдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларнинг бирида: “Намоз биз билан бошқалар орасидаги фарқдир”, деганлар.

Аллоҳ таоло оят давомида: “Биз ризқ қилиб берган нарсалардан садақа ва эҳсон қилинглар”, демоқда. Шундай экан, Аллоҳга имон келтирган ҳар бир банда қўлидаги бойликлардан эҳсон қилиб туриши керак. Чунки инсон ўзи топган мол ва дунё билан фахрланмаслиги керак. Ҳар бир нарсани ато этувчи ягона Аллоҳдир.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм