Мақолалар

Қалб ҳувиллаб қолмасин

Чоп этилди Avgust 14, 2019 Қалб ҳувиллаб қолмасинda fikr bildirishni o'chirish

Бир танишим тўғрисида кўпчилик: “Ўзидан бошқани тан олмайди”, дейишади. Сабаби, у аёл қаерда бўлмасин, ўз таклифи, фикри тасдиқланмагунича хотиржам бўлмайди. Бирор масалада гап очилса, биринчи бўлиб шахсий қарашларини айта бошлайди. Агар кимдир бу ишнинг бошқа эътиборли жиҳатлари ҳақида гапира бошласа, эшитишга тоқат қилолмайди, асабийлашади, тушунишга хоҳиши ҳам йўқ… Бундай пайтларда кимдир фойдасиз баҳсни тўхтатиш учун жим бўлади, кимдир даврадан четлашади. Уйида билмадим, аммо ишхонада, тадбирларда ҳамкасбларию таниш-билишлари бу аёл билан гапни қисқа қилишга уринишади.

Ажабланарлиси, бошқаларга сўзини, хоҳишини ўтказишда “ғалаба қозонмагунча” тинчимайдиган бу беканинг хурсанд бўлгани, хотиржам юрганини ҳам кўрмайсиз: ҳамма ташвиш ўзининг бошида экани, югур-югурлардан чарчагани, ишларига ёрдам бериш ўрнига, яқинлари ҳам ўзларини олиб қочишларидан нолиб, бадтар ҳорийди…

…Тўкилган бошоқларга дуч келган чумоли зум ўтмасдан ўша ерга ўз сафдошларини нима учун бошлаб келаркин? Ахир уч-тўртта донни ўзи, болалари учун ғамлаб олиб яшайверса ҳам бўлади-ку! …Фаслларга қараб манзилларини ўзгартирадиган қушлар олис йўлларда фақат ўз жисми ва қанотидан куч-қувват олишига қарамай, тўп-тўп бўлиб учишларининг сабаби нимайкин? Кабутарлар-чи, пастаккина томни айланиб учишда ҳам ҳаммаси бирга, ҳеч бўлмаганда, жуфти билан… Дарвоқе, парвоздаги кабутарларнинг ҳар бири ўзига хос чарх уришлари ажойиб: худди қавмининг қуршови, давраси, қўллаб-қувватлашидан яйраётганга ўхшайди. Зеро, жонивор, қушларнинг ризқ теришда, узоқ-яқин сафарларда  ҳамжиҳатликка шунчалар эҳтиёжи бор экан, демак, ўз қавмига яқинлик, ҳамкорлик, келишув, бир-бирига мослашувнинг афзалликларини ҳис этиш уларнинг-да фитратига қоришиқ экан-да!

Қариндош, тақдирдош, юртдошларсиз тўю байрамнинг файзи, завқи, шодлиги чала, яримта. Мулоҳаза қилсак, оиламиздагилар, қариндошу қўшни, ҳамкасблар, қадрдонлар билан ҳамжиҳат, бамаслаҳат, келишиб иш тутишдан мақсадимиз фақат улардан моддий-маънавий кўмак олиш эмас. Инсонни шодлигида ҳам, ташвишли онларида ҳам тушунадиган, тўғри маслаҳат берадиган, дардини енгиллатиб, қувончини оширадиган азиз кишилари бўлмаса, қалби ҳувиллаб қолади.

Биргаликда ишлар анча енгил, осон битади. Кўпчилик бўлиб ейилган таомнинг лаззати бошқача. Елкадошлар, ҳамфикрлар сафида қаддинг, қадринг баланд кўринади. Бунинг учун ҳар доим ғолибликка интилган нафснинг таъмаю талабларидан воз кечиб, ўзгаларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари, билим-тажрибаларида ҳам хайрли жиҳатлар кўплигига ишониб, шу фикримизга амал қилиб яшасак, ёлғизланиб қолмаймиз, иншоаллоҳ.

Донолар ҳатто кимдир ўзингиз яхши билган масалани гапираётган бўлса ҳам, худди биринчи марта эшитаётган каби диққат, қизиқиш билан тинглашни ва унга чиройли жавоб-муносабат кўрсатишни таълим берадилар.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Ўзбекистон Республикасида хизмат  кўрсатган маданият ходими

“Ислом нури” газетасининг 2019 тйил, 14-сонидан