Дабдаба ва исроф Ҳақдан, ҳақиқатдан узоқлаштиради
Меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ халқмиз. Шу боисданми, маросиму тадбирларимиз кўп. Ақиқа, никоҳ, ҳовлитўй, мотамга оид ваъзима маросимларининг ҳам бир неча турлари бор.
Албатта, бундай маросимлардан кўзланган асл шаърий мақсад, аввало, қавму қариндош, қўни-қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирларнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали савобга ноил бўлишдир. Аммо зинҳор ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак. Акс ҳолда эҳсон қилиб савоб топиш ўрнига, оғир гуноҳга қолинади.
Иқтисод билан оз нарса кўпаяди, исроф эса кўпни озайтиради, бебарака қилади. Буларнинг илмига эга бўлиш ҳам ҳар бир мўминнинг бурчидир. Чунки илм ҳоким, мол-дунё унга тобедир. Давлатни илм билан сарф қилиш инсонга шараф келтиради.
Жамиятнинг асоси бўлмиш оилада иқтисодий муаммолар биргаликда ечилади. Бунинг учун, айниқса, аёллар оқила, диёнатли ва илмли бўлишлари талаб этилади. Шунинг учун ҳам Ислом дини аёлларнинг илм олишини фарз деб эътироф этади.
Афсуски, бугун башарнинг сўзини муҳим тутувчи “Одамлар нима дейди?”, “Гапга қолмайлик”, “Элдан кам қилмайлик”, каби тушунчалар бирламчи бўлмоқда. Оқибатда кўплаб исроф ва дабдабага йўл қўйилмоқда. Аслида сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ-эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб, бундай дейди: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон сураси, 67-оят). Ва яна огоҳлантиради: «…Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас» (Анъом сураси, 141-оят). Демак, одамлар нима деганига эмас, Раббимизнинг амрига диққат қилишимиз керак. Дабдаба ва исроф Ҳақдан, ҳақиқатдан узоқлаштиради.
Тўйлар, оилавий тадбирлар, маърака-маросимларни миллий қадриятлар асосида камхарж ўтказишни ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим. Мусулмон киши бўйнидаги фарз амалларини бажаришда қанчалик кўп камчиликка йўл қўйса ёки бажармаса, суннатни маҳкам тутмаса, илмдан чалғиса, унинг ҳаётига динда асли бўлмаган турли хурофотлар илдиз отади. Ҳозирги кунда тўйлардаги дабдабалар, аза маросимларидаги бидъатлар илмсизлик оқибатида урчиб боряпти. Булардан қутулиш халқнинг илм-маърифат, яхши хулқ эгаллаши билан бўлади.
Ёш келин-куёв ёки уларнинг ота-онасига динимиз амрларини батафсил тушунтириш, яхши ният билан жўяли таклифлар бериш кўпроқ фойдали бўлади. Масалан, тўй харажатларини қисқартириб, рўзғор учун кир ювиш машинаси, музлаткич ёки шу каби меҳнатни енгиллатувчи воситалар олиб бериш, модомики, маросим хайр-саховат мақсадида қилинар экан, қариндошлар орасида ёки маҳаллада ночорлар бўлса, тўй баҳона уларни хурсанд қилиб, дуосини олишдек фойдали ишларга йўналтириш ўринлидир. Бунда биз имом-домлалар янада фаоллик кўрсатишимиз лозим.
Албатта, тўйни эълон қилиш керак. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, битта маросим билан қўй сўйиб эълон қилса ҳам бўлади. Биз кўпинча исроф деганда, таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф-харажат қилишни тушунамиз. Бу ҳам тўғри. Аммо нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади. Шунинг учун ҳозирги тўйларда нафақат иштирокчилар сони, балки турли таом ва тоғоралар ададини кескин камайтиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган нарсангни қил», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яна кимки амал ва ҳаракатида бирор қавмга тақлид қилса, қиёматда ўша қавм билан бирга қайта тирилиши ҳақида ҳам айтганлар. Бу эса ўзини мусулмон санаган кишини сергак торттириши лозим.
Абдулҳай ТУРСУНОВ
Наманган вилояти бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан