Холис дуода ҳикмат кўп
Бир куни масжид ёнидан ўтаётган эдим, бир намозхон мени тўхтатиб: “Намоз ўқинг, иншоаллоҳ, натижасини кўрасиз”, деди.
1993 йилнинг куз ойи эди. Таҳорат олиб, биринчи марта бомдод намозини ўқиш учун масжидга бордим. Намоз ўқиб ўзимни жуда енгил ҳис этдим. Секин-аста беш вақт намоз ўқий бошладим. Орадан бир йил ўтар-ўтмас масжидга мутавалли бўлиб тайинландим. Масжид жойнамозлари эскирган, меҳробда имом учун битта гиламча бор эди, холос. Бўлиб бериш шарти билан бозордан 11 дона гилам олиб келиб, масжидга тўшадим. Намозхонлар ҳаққимга дуои хайрлар қилишиб, раҳматлар айтишди. Бу ишимдан бошқалар ҳам илҳомланиб, масжид гиламга тўлиб қолди.
Шундан сўнг 15 йил қабристонда қоровул бўлиб ишладим. Теварак-атрофни ободонлаштирдим, қабристон панжараларини бўядим. Бирор марта нолимадим, фақат шукр қилдим.
Кексайганимда соғлигим ёмонлашди. Икки марта жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлдим. Шифокорлар “Бир ой ҳам яшамайди”, деб уйга жавоб беришди. Уйга келиб, кун санай бошладим. Кечалари Яратганга илтижолар қилардим. Мени кўришга келган яқинларим вилоятда қўли енгил шифокорлар борлигини айтиб, кўнглимни кўтаришарди. Менда умид пайдо бўлди: вилоят марказий шифохонасининг онкология бўлимида даволанишга қарор қилдим. Олти ой давомида кимётерапия усулида муолажалар олдим. Аҳволим секин-аста яхшилана борди. Буларнинг барчаси ҳаққимга қилинган холис дуоларнинг ижобати эканига амин бўлдим.
Ҳа, донишманд халқимизнинг: “Олтин олма, дуо ол” деган гапида ҳикмат кўп экан.
Турдибой ҚУДРАТОВ
Навоий вилояти Хатирчи тумани “Найман” маҳалласи
«Ҳидоят» журналининг 2019 йил, 10-сонидан