Мақолалар

Абон ибн Саид розияллоҳу анҳу

Чоп этилди Noyabr 19, 2019 Абон ибн Саид розияллоҳу анҳуda fikr bildirishni o'chirish

Отаси: Саид ибн Ос, яъни Абу Уҳайҳа Фижор жангида вафот этган. Онаси: Ҳинд бинти Муғийра. Бошқа манбаларда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг аммаси София бинти Муғийра дейилган. Умр йўлдоши: Фотима бинти Сафвон Кинония.

Рисолат келганида Абу Уҳайҳанинг саккиз ўғил фарзандидан беш нафари мусулмонликни қабул қилди. Улар: Холид, Амр, Саид, Абон ва Ҳакам. Булардан фақат Ҳакамнинг исмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ деб ўзгартирдилар. Абдуллоҳ ибн Амрнинг ривоятига кўра, Холид ва Амр ибн Саидлар Ҳабашистонга ҳижрат қилишган.

* * *

Бадр куни Абу Уҳайҳанинг ўғиллари Ос ибн Саид Али розияллоҳу анҳунинг, Убайд ибн Саид Зубайр розияллоҳу анҳунинг қўлида мушрик ҳолда жон берди. Абон эса қутулиб қолди.

Холид ва Амр розияллоҳу анҳумо ака­лари Абонга: “Отанг ва акаларинг вафот этгани каби сенинг ҳам жонинг омонат­лигини эслатяпмиз”, мазмунидаги мактуб­ни ёзишди. Абон хатни ўқиб, дарғазаб бўлди: “Асло ота-бобомнинг динидан воз кечмайман!” деб, Маккада, ўзининг эски динида қолди.

Ҳудайбия куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни Маккага элчи қилиб юбордилар. Абон ибн Саид Усмонга: “Бизникига кел. Ҳеч кимдан қўрқма. Бану Саид Ҳарамнинг энг обрўли уруғидир”, деб Набий алайҳиссаломнинг мактубларини етказгунига қадар ҳимоясига олди. Бу орада Ҳудайбия сулҳи тузилди.

Ушбу воқеалардан сўнг Холид ва Амр ибн Саидлар Ҳабаш ўлкасидан қайтиш­ди. Бу вақтда акалари Абонга яна бир бор мактуб юборишди. Хатда Ислом ди­нига чақириқ бор эди. Бу гал уларнинг чорловлари жавобсиз қолмади. Ниҳоят, ҳижратнинг еттинчи йили Абон Мадинада мусулмон ҳолида улар билан учрашди. Сўнг ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига Хайбарга келишди.

Абон Ислом дини ва мусулмонларга қарши қаттиқ адоватда эди. Лекин Аллоҳ таолонинг инояти ила унга ҳам имон насиб этди. Бунга қуйидаги воқеа сабаб бўлди: «Абон Шомга тижорат мақсадида сафар қилди. Йўлда роҳиб билан учрашди. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида суриштира бошлади: “Мен қурайшликман. Қабиламиздан бир киши ўзини пайғамбар деб даъво қиляпти. Унга ҳам худди Исо ва Мусо алайҳимассаломга тушган нарса нозил бўлаётган эмиш”, деди. Роҳиб: “Унинг исми нима?” деб сў­ради. Абон: “Муҳаммад”, деб жавоб қай­тарди. Роҳиб: “Мен сенга у ҳақда сўзлаб бераман”, деди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг китобларда ёзилган сифатлари, ёшлари ва насабларини айтиб берди. Абон: “Худди ўша”, деди. Роҳиб: “Аллоҳга қасамки, у араблар устидан ға­лаба қозонади. Унинг дини бутун ер юзи бўйлаб тарқалади”, деди ва у зотга салом айтишини тайинлади».

Абон Маккага қайтиб, қавмини тўплади. Кейин уларга роҳибнинг сўзларини ет­казди. Ўзи Исломга кириб, Мадинага ҳиж­рат қилди. Ушбу воқеа Ҳудайбиядан би­роз олдин рўй берганди.

Абон Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларига келганда, унга: “Эй Абон, Макка аҳлини қандай тарк этдинг?” дедилар. У: “Уларни ёмғирда, изхир дарахтлари мўл ҳосил берганида, ҳўл хурмо қуруқ хурмога айланганида”, деб жавоб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўзлари ёшланди. Сўнг: “Мен сизларнинг энг кўп яхшилик қилувчингизман. Мендан кейин Абон шундай”, дедилар.

Ҳижратнинг тўққизинчи йили одамлар ҳаждан қайтганларида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абонни Баҳрайнга закот тўпловчи этиб юбордилар. Абон Пайғам­баримиздан Абдулқайс уруғи билан иттифоқ тузишга изн сўради. У зот алай­ҳиссалом рухсат бердилар. Кейин Абон: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга улар­нинг тижорат моллари, садақа ва жизя­ларини олишда бир миқдор белгилаб беринг”, деди. Набий алайҳиссалом мусулмонларнинг тижорат молларидан ўндан тўрт, лекин яҳудий, насроний ёки мажусийларнинг ҳар бир эркак ва аёлидан бир динордан олишга буюрдилар. Набий алайҳиссалом Абонга бир мактуб бердилар. У мактубда мажусийлар Ислом динига таклиф қилинган, диндан юз ўгиргудек бўлишса, уларга жизя таклиф этилишини, мусулмонларга эса уларнинг аёлларига уйланмаслик ҳамда сўйган ҳайвон гўшт­ларидан емасликни айтдилар. Сўнг агар Исломни қабул қилгудек бўлишса, улар­га туя, сигир, қорамол ва қўйлардан олина­диган закотнинг фарз ва суннатини бел­гилаб, тагига муҳр ҳам босиб бердилар.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг кўп араблар диндан қайта бошлади. Ҳижр аҳли ҳам Исломдан чиқди. Абон Абдулқайс уруғига: “Мени юртимга олиб боринг”, деди. Улар: “Биз билан қолинг. Биргалашиб Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилайлик. Парвардигор Ўзи динини азиз этади. Абдулқайс уруғи Исломдан қайтмайди”, дейишди. Абон: “Мени юртимга олиб боринг. Набий алай­ҳиссалом саҳобаларини кўришим керак. Улардан узоқда яшай олмайман. Улардек яшаб, улар каби ўлим топай”, деди.

Абон Мадинага қайтганида, Умар ро­зияллоҳу анҳу: “Раҳбар рухсатисиз ишни ташлаб келиш жоиз эмас. Лекин сен шун­дай қилдинг”, деди. Абон: “Аллоҳга қасам­ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламдан сўнг ҳеч кимга хизмат этолмайман. Агар шундай қилишга тўғри келса, Исломга биринчилардан киргани боис Абу Бакрни танлаган бўлардим”, деди.

* * *

Абон ибн Саиднинг қачон вафот этгани борасида ихтилоф бор. Ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ Ярмук куни ўлдирилган, дейди. Бошқа бир ривоятда эса Усмон ибн Аффон халифалиги даврида дейилади.

Мусо ибн Уқба раҳимаҳуллоҳнинг ҳиж­ратнинг 13 йили Ижнодийн кунида ўлди­рилган, деган ривояти тўғридир.

 

“Усдул Ғоба”, “Ал-Исоба фи тамйизис саҳоба” ва “Тарихул Ислам” асарлари асосида

Тошкент ислом институти талабаси Робия МАННОБЖОНОВА тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан