ЕТТИ ПИР: Юсуф Ҳамадоний айтади:
- Маърифат аҳли дунё билан завқланувчини дунё билан тирик, Ҳақ таоло зикри билан ҳаловат топувчини “Мавло билан тирик”, дейдилар.
- Фаҳм ва ақл билан шарафланган инсон ҳайвон билан тенг бўлишдан уялиши керак.
- Дунё молини йиғишда ҳаддан ошмаслик, эҳтиёжга кўра еб-ичиш зарур.
- Дунё озайса, дард камаяди, акси бўлса, дард ортади.
- Ким дунё ташвишларидан пок бўлса, Мавло зикри билан ҳаловат топади.
- Киши дунё оромини охиратдагисига алмаштирса, ҳақиқатга эришур.
- Ейиш-ичиш, кийиниш, уйланиш ва рўзғор тебратиш эҳтиёж даражасида бўлса, динга мувофиқдир.
- Бадан – шариат вазифаларини бажарувчи ҳаммолдир.
- Имон оламида тафаккур давом этаркан, унинг қалб ҳаётига мувофиқ бўлиши, кўнгилнинг обод этилиши ва риё ғуборининг ювилиб тозаланиши ҳам кишининг ойдинлик йўли учун зарурий шартлардандир.
- Тан ва виждон азоби, қалб қорайиши амал туфайлидир.
- Зикр – қалбни юмшатувчи, кўнгил кўзини мунаввар қилувчи, тафаккурни очувчи калит.
- Қалб ва зикр – дарахт билан сувга, тафаккур эса мевага ўхшайди.
- Зикр фикр эшигини очувчи калит. Усиз эшик очилмайди.
- Руҳ – Ҳаққа бўйсунади, аъзолар эса у орқали ҳаракатланади.
- Қорин очмаса, овқатланмаслик, оз таом кифоя қилса, тўйиб емаслик керак.
- Нафс машаққатларга мослашмагунча, шайтон ундан йироқлашмайди.
- Кўп уйқу умрни зое қилади, баданни бўшаштиради, иш унуми ва иштиёқни йўқотади.
- Ҳаром луқма билан қалб нурланмайди, ҳаром либосда эса ибодат завқини тотиб бўлмайди.
- Киши хирқа, луқма ва масканни пок ва ҳалол тутса, унинг барча ишлари ривож топади.
- Нафс, шайтон ва дунё – бандани йўлдан оздирувчи ғовдир.
- Ҳақ зикрсиз ҳақиқат йўли очилмайди.
- Ҳақиқий зикр қалбда бўлади. Ҳақиқий солик эса вақтини зикрсиз ўтказмайди.
- Доимий зикр туфайли кўнгил покланади, беҳуда хаёллар кўтарилади.
- Охират йўли шайтонга қарши курашиш орқали ойдинлашади.
- Қалб нури фақат Аллоҳни зикр қилиш билангина ҳосил бўлади.
Олим ОЛТИНБЕК тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 20-сонидан