Бола нега алдайди?
Болалар жуда ҳам хаёлпараст бўладилар. Лекин бу хаёллар хавфли бўлиши ҳам мумкин.
Тахминан 3-4 ёшгача болалар ёлғон гапиришни умуман билмайди, бунга уларда эҳтиёж ҳам бўлмайди.
Ота-онадан ниманидир сир сақлаш уларнинг хаёлларига ҳам келмайди. Айнан 4 ёшдан кейин бола у билан содир бўлаётган ҳодиса ва воқеаларни таҳлил қилиб ўзига савол бера бошлайди: «Нега мени жазолашди?, «Нима қилиб шундай ҳолдан қочиб қутулиш мумкин?», «Нима қилсам ойимни меҳрини янада кўпроқ қозона оламан?», «Нима қилсам адамнинг рағбатлантиришига сазовор бўламан?» Ота – онасининг барча «йўқ» ва «мумкин эмас»ларини четлаб ўтиш мақсадида у ҳар хил айёрликларга боради.
Бир эслаб кўринг, кўчадан болангиз чўнтагини турли хил тошлар билан тўлдириб келган бўлса, сиз ўйлаб ўтирмай болангизнинг кўз ёши билан «менга улар жуда керак» деган нолаларига аҳамият бермай, барчасини олиб ахлатга ташлаб юборасиз, чунки уй тоза бўлиши керак. Ёки бошқа бир мисол: болангиз қизиқиб мултфильм кўраётган пайти сиз севган сериал бошлангани учун уни хонасига расм чизиш учун ҳайдаб юборасиз.
Албатта болаларимиз биз қўйган талабларни бажармоқлари лозим, лекин бу талаблар унинг ҳам қарашларини, унинг хоҳишларини инобатга олиши зарур. Акс ҳолда болангиз ўз хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун тескари йўллар излай бошлайди, яъни алдашни бошлайди.
Ўзингиз айбдор бўлиб қоласиз.
Психологларнинг таъкидлашича, боланинг биринчи ёлғонининг пайдо бўлишига ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўларкан.
Тўғри, ҳозир хаёлингиздан «фақат мен эмас» деган фикр ўтиши мумкин. Ахир сиз эмасми, болангиз бузиб қўйган ўйинчоғини сиздан қўрқиб диван тагига бекитиб қўйганини билиб туриб, унга «Адажонинг совға қилган машина қани?» деб сўроқ қилганингиз. Шу савол билан сиз болангизни айнан алдаш йўлига тушишга туркти берган бўласиз. Ундан кўра: «Болажоним, мен диван тагидан бузилган машинангни топиб олдим. Ундай қилиш мумкин эмас. Машиналарни эҳтиёткорлик билан ўйнаш керак. Кечқурун аданг тузатиб берадилар. Кейинги сафар бекитмай менга айт» деганингиз маъқул бўлади. Ўшанда болангиз қалбида уйғонган ишонч ва миннатдорчилик келажакда тўғрисўз, одобли инсон вояга етишига туртки бўлади.
Биласизми, кўпинча қандай болалар алдоқчи бўладилар? Олимпик совриндорларни, жуда ҳам ақлли инсонларни, юқори марраларга эришган касб эгаларини яратмоқчи бўлган ота-оналарнинг фарзандларидир. Бундай ота-оналар ўз фарзандларидан жуда кўп нарса кутадилар, болалар эса уларнинг ишончларини етарлича оқлай олмайдилар. Шунда бола ота-онасини хурсанд қилиш мақсадида «Синфда бугун энг зўр жавоб бердим», ёки «Мусиқа мактабида мени мақташди» деган ёлғонларни тўқийди. Кичик ютуқларга эришганда ҳам бу ютуқларни катта қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади.
Шунинг учун болангизга марра ўрнатаётганингизда бир ўйлаб кўринг, марра жуда ҳам баланд эмасми?
Балки болангиз истакларини кўпроқ инобатга олиб, уни кўпроқ мақтаганингиз лозимдир? Шунда бола сизнинг меҳрингизни қозониш учун ёлғонларни тўқимайди.
uzbaby.uz