Куз
Аҳд қилдим суратинг тасвирламоққа,
Қаламим ҳам олтин бўлса қанийди.
Чиндан олтин кузсан, тополмайман сўз,
Ҳар ким ҳам сезсайди – меҳринг анқийди.
Дилхаста маъюсим, нега хомушсан,
Келдингми, меҳнаткаш далалар оша?
Ҳориган боғу роғ тўкилган ипдай,
Ой ҳам фалакда сал ғамгинга ўхшар.
Ўксима, эй олтин фаслим, ўксима,
Отаю онадай меҳр кўзлигим.
Тилло баргларингким, тақай кўксима,
Қаддингни баланд тут, ёруғ юзлигим.
Тарк этдими сени сайроқи қушлар,
Ташлаб кетдими ёз, эркатой баҳор?
Гўзаллик шайдоси бўлганимиз рост,
Дард тўла бағримиз бемадор, абгор.
Умримиз ўтмоқда шовқин-суронсиз,
Дилларга маҳбубим, масрурлик сочдинг.
Аёзли, суронли қишнинг олдидан
Юртга ўзинг тўкин дастурхон очдинг.
Мард ўғлон сингари юзларинг нурли,
Сенда жам тўрт фасл ҳиммат, сурури.
Дилшодбек ҲОЖИМАТОВ
Меҳнат фахрийси, Андижон шаҳри