Мақолалар

Аёл миллат шаънидир, ёмонликлар нишони эмас…

Чоп этилди Dekabr 28, 2019 Аёл миллат шаънидир, ёмонликлар нишони эмас…da fikr bildirishni o'chirish

Шарқ аёллари, хусусан, ўзбек хотин-қизлари сийрати, маънавий оламининг шаклланишида Ислом динининг таъсири беқиёс. Оила бошлиғига ҳурмат, шарм-ҳаё, андиша, итоаткорлик, сабр ва матонат барча даврларда ўзбек аёлининг хислати саналган. Ҳозирги глобаллашув даврида оилалар мустаҳкамлигини оқила ва доно аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, ўзининг хулқ-атвори, онг ва тафаккури, фаҳм-фаросати, ақл-заковати билан намуна бўлиб келаётган аёллар кўп. Аммо аёл деган буюк номга доғ тушираётган ва ўз шаънининг топталишига сабаб бўлаётганлар ҳам, афсуски, учраб туради. Айниқса, айрим адашган мутаассиб аёллар муқаддас динимизга туҳмат тошлари отилишига сабаб бўлмоқдалар.

Экстремистик ташкилотлар ўз фаолиятларига мақсадли тарзда аёлларни жалб этиб, террорчилик ҳаракатларини амалга оширмоқдалар. Террористик ташкилотларга жалб қилинган мутаассиб аёлларнинг гуруҳда бажарадиган вазифалари, мутахассислар фикрига кўра, уч кўринишдан иборат:

  1. “Оналик бурчи” – она сифатида ёш фарзандлари онгига мутаассиблик уруғларини сингдира боради. Жамоада террорчилик фаолияти учун “муносиб” ўринбосарлар тайёрлаб беради.
  2. “Янгиларини жалб қила олиш маҳорати” – ҳамфикр, дардкаш қўшни, амма, хола, сингил, опа, она, мураббия сифатида жамоага янги ишонувчан заифаларни чорлайди.
  3. “Тарғибот қуроли” – коммуникация воситалари ривожланиши натижасида аёл киши айрим оқимлар қўлида тарғибот қуроли, кейин эса бузғунчилик қурбони бўлмоқда. Айрим оқимлар одамлар эътиборини тортиш учун айнан аёл кишининг қурол кўтариб машқ қилиши, “шаҳидлик белбоғи”ни боғлаши, ўзини портлатиши олдидан айтган сўзлари туширилган роликларни оммалаштиришга зўр бермоқда.

Аёлларнинг ушбу мудҳиш оламга кириб қолиши моддий қийинчилик, оиладаги етишмовчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик каби қатор ижтимоий ҳолатлар билан боғлиқ. Экстремистлар аёлларнинг ўзларини ўлдириш даражасигача боришларида уларнинг маънавий-руҳий оламидаги ўзига хос хусусиятлардан усталик билан фойдаланадилар.

Психологларнинг таъкидлашича, эркаклардан фарқли равишда, аёлларга хос бўлган бўйсунувчанлик; ҳиссиётга берилиб иш юритиш, ташқи таъсир натижасида руҳий ҳолатининг ўзгарувчанлиги, тез руҳий тушкунликка тушиш ва руҳий зарбаларга чидамсизлик; ўта қизиқувчанлик ҳамда ахборотларни тўлақонли таҳлил қилмаслик каби қатор омиллар мавжуд. Буни яхши англаган ғараз ниятли кимсалар уларни ўз манфаатлари йўлида истифода этадилар.

Бинобарин, мутаассиблик йўлига кирган аёл ўз оила аъзолари, яқинлари, маҳалла, кўча-кўйдаги суҳбатдош яқин аёлларга ҳам салбий таъсир ўтказади.

Турли экстремистик оқимларнинг эътибори, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга қаратилади. Улар боқувчисини йўқотган оилалардаги бева аёллар, фарзандини ёлғиз ўстираётган, моддий жи­ҳатдан эҳти­ёжманд, тушкун кайфиятдаги, ҳатто оғир касалликка чалинган аёллар ҳам бўлиши мумкин.

Айрим аёлларнинг диний ва дунёвий билимларни етарли ўзлаштирмаганлари ҳамда дин ниқоби остидаги экстремистик ташкилотларнинг асл мақсадлари ҳақида билмасликлари турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларига сабаб бўлса, баъзи аёлларнинг диний билимларга чан­қоқлик­лари, унга эга бўлишда нотўғри йўлни танлашлари, зарурий билимларни қаердан олиш ҳақида маълумотга эга эмасликлари уларнинг алданиб қолишларига замин яратади.

Диний сабоқ оламан деб, экстремистик кайфиятдаги кимсалар тузоғига тушиб қолган аёлларни “соф Ислом дини ақидаларидан сабоқ бериш” даъволари билан яши-рин тарзда араб имлоси, Ислом дини арконлари ва ибодатларини ўргатиш баҳонасида турли бузғунчи ғоялар сингдирилган маърузалар билан таништирадилар, та­қиқланган адабиёт, видео ва аудиоматериаллар тарқатадилар. Аёллар эса ўзлари билмаган ҳолда экстремистик гуруҳга мойил шахс ва ҳатто гуруҳ аъзоси фаолларидан бирига айланиб борадилар.

Ҳозирги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар орқали мутаассиб аёлларга халифаликни ўрнатиш йўлида “жиҳод” қилаётган жангчи эркакларга ўзини бағишлаш, яъни “никоҳ жиҳоди”ни амалга ошириш кенг тарғиб қилинмоқда. Алданган аёл гуруҳдаги айнан бир эркакнинг маҳрами бўлиб қолмайди, балки турмуш ўртоғи жангда вафот этса, иккинчи жангарига ­хотин бўлаверади. Бу ҳол динимизнинг никоҳ ҳақидаги таълимотига бутунлай зиддир.

Ислом таълимотига кўра, жон Яратганнинг энг буюк неъматларидан саналади. Ўзини ўзи ўлдириш ана шу неъматни поймол қилишдир ва бу энг оғир гуноҳ. Ўзини ўзи портлатаётган кимсалар бошқаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна ун­га Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо су­раси, 93-оят).

Унутманг, аёлларни “шаҳида”лик, яъни, ўзини ўзи қурбон қилишга даъват этаётган ҳар қандай диний экстремист ўз оиласи ва фарзандларини бу йўлга кириб қолишдан жуда қаттиқ ҳимоя қилади ҳамда ўзларини «Аллоҳ бизнинг фарзандларимизга бундай “шарафли” ишни амалга оширишни раво кўрмади», деган гап­лар билан оқламоқчи бўлади. Ёвуз ниятли кимсалар асосий эътиборни бошқанинг қизи, опа-синглиси, аёли ва онасига қаратадики, бунинг оқибатида бутун бир оила парокан­даликка юз тутади.

Абу Абдуллоҳ Рудакий: “Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларининг – бўлажак оналарининг тарбиясини издан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини – бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг”, деган. Бу фикр ҳозир ҳам долзарб. Шундай эмасми, азиз опа-сингиллар?!

Феруза АКРАМОВА

психология фанлари номзоди, доцент,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа раҳбари,

“Шуҳрат” медали соҳибаси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан