Барчани безор қилган бало
Мўмин-мусулмон учун исломий ақида энг муқаддас қадриятдир. Ҳар биримиз туғилганимиздан то вафот этгунимизча муқаддас динимиз арконларига риоя қилиб яшаймиз. Аждодларимиз динимиз таълимотини асрлар давомида маҳкам тутишгани сабабли табаррук заминимиз ҳар соҳада дунё тамаддунига бешик бўлди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: «Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят), дея Ислом дини арконларини мукаммал этганини, инсонлар учун айнан уни дин сифатида танлаганини баён этаётир.
Сўнгги пайтларда миссионерлик ҳаракати дунё миқёсида диний ақидапарастлик, фундаментализм, экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик каби глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бу иллатга қарши курашиш ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатларда долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бундай ҳолларнинг биринчи сабаби Ислом ақидасини яхши билмаслик, иккинчиси, миссионерлар томонидан бериладиган турли кўринишдаги моддий рағбатга алданиб қолишдир. Шу ўринда миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтсак. Миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш бўлса, прозелитизм – тўғридан-тўғри бирон-бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбурлашдир.
Динидан воз кечиб, турли секталар этагини тутган кимсалар ҳамон учраётгани кишини ташвишга солади. Айнан ана шундай кишилар вафот этганда, уларни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқяпти.
Шунингдек, миссионерлар сектасига аъзо бўлган киши ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, отаси эса Ислом дини таълимотига кўра набирасининг қўлини ҳалоллашни истагани туфайли ота-бола ўртасида низолар урчимоқда.
Бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммо. Қизнинг ота-онаси мусулмон ва албатта, қизларининг мусулмон киши билан турмуш қуришини исташади. Аммо бошқа динни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб ёзиб қўйилган. Қонунчилигимизда миссионерлик ва прозелитизм билан шуғулланувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланган. Миссионерлик ҳаракати, агар олди олинмаса, нафақат инсонлар эътиқоди, балки турли дин, миллат ва элатлар ҳамжиҳатлигига ҳам рахна солиши турган гап.
Ҳозир дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишмоқда. Бундан ташқари, баъзи ташкилотлар тиббий уюшма ниқоби остида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Улар турли мамлакатларда санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни “иш”га юбориш, якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро “ҳамкорлик” ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш курсларини ташкил этиш, сафга қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашиш каби усуллардан фойдаланадилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд фуқароларга моддий ёрдам кўрсатаётгани турли ғаразли мақсадда изғиб юрган кишиларнинг халқимиз ҳаётига оғу солишнинг олдини оляпти.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор қаратилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида Ислом дини кенг қулоч ёйган, миллий қадриятга айланган давлатда яшовчи миллатни бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин.
Миссионерларга эргашаётганлар кўпаймаслиги, диндошларимизнинг сафи кенг ва мустаҳкам бўлиши учун ҳар биримиздан улкан масъулият, эътибор талаб этилади. Биз динимиз кўрсатмаларида баён этилгани каби яқин кишиларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Асрлар давомида бағрикенглик, тенгҳуқуқлилик асосида яшаб келган бир бутун Ўзбекистон халқига айланган инсонлар ўртасида парокандалик, ишончсизлик туғдиришга ҳаракат қилаётган миссионерларнинг қабиҳ ниятларидан огоҳ бўлайлик.
Хайрулла АБДУЛЛАЕВ
Хоразм вилояти бош имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан