Ўзбекистон янгиликлари

Печка мўрисидан чиққан иссиқликка кўчат етиштирилмоқда

Чоп этилди Yanvar 3, 2020 Печка мўрисидан чиққан иссиқликка кўчат етиштирилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Иссиқхоналарнинг бир метр квадратидан қанча ҳосил олиш мумкин? Россия иссиқхоналарида бу майдондан 35-45, ҳатто 100 килограммгача помидор ва бодринг ҳосили олинмоқда. Ўзбекистонда иссиқхонада бодринг ва помидорнинг F1 дурагайларининг ҳосилдорлиги бир метр квадратда 25-30 килограммгача етмоқда. Андижонликлар иссиқхонанинг ҳар бир квадрат метридан 30-35 килограммгача помидор ва бодринг етиштириб, экспорт қилмоқда. Томорқасида 3-4 сотих иссиқхона бўлса, 35-40 миллион сўм даромад олиш мумкин.
Кичик томорқадан ана шундай мўл ҳосил ва даромад олишнинг сирлари ҳақида Ўзбекистон фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши мутахассислари тайёрланган “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китобда келтирилган.
Тавсияларда фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш ишларини тизимли ташкил этиш, экин ўстириш, чорва ва парранда парваришлаш маданияти, уларни касалликлардан асраш ва сақлаш каби муҳим чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Ушбу қўлланма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг маблағлари ёрдамида, “Фермер ва томорқачи” таҳририятида амалга оширилаётган “Давлат органлари ва бизнес субъектлари билан ҳамкорликда томорқада ёшлар, аёллар ва ёш оилаларнинг бандлигини таъминлаш” лойиҳаси асосида, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини ва даромадларини ошириш мақсадида тайёрланган.
– Аҳоли хонадонларида бўлиб, тажрибали томорқачиларнинг фаолиятини ўргандик, – дейди китоб муаллифларидан бири Аҳмадали Тешабоев. –Водийда бир хонадоннинг уйини томида етиштирилган кўчатни кўрдик. Қизиғи, уйда ёнган печка мўрисидан чиққан иссиқликка иссиқхонада кўчат етиштирар экан. Бу ҳақида ҳам китобда батафсил келтирганмиз. Китобда келтирилган тавсиялар амалиётдан олинган ва унга амал қилиб томорқадан яхши ҳосил олиш мумкин.
Мазкур китобда иссиқхонада қулупнай, тарвуз етиштириш борасида ҳам тегишли агротехникалар маълум қилинган.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА