Нафсдан зулм етса…
Оятлар
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди.
Юсуф сураси, 53-оят
***
Эй, хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!
Фажр сураси, 27-30–оятлар
***
Ва маломатчи нафс билан қасам.
Қиёмат сураси, 2–оят
Ҳадис
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар:
«Энг қаттол душманингиз икки томонингиз орасидаги нафсингиздир»
(Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин», Ажлунийнинг «Кашфул ҳафа», Ибн Одилнинг «Тафсири Лубоб» китобида шунга ўхшаш маънода келган).
Ҳикматлар
Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади.
Имом Ҳасан Басрий
***
“Сенинг зиёда душманинг ўз нафсингдурки, икки кифтинг аросидадур”. Ул зот айди: “Анинг учунки, ҳар қайси душманки, анга эҳсон этар эсанг дўст бўлур, илло нафски, қанчаки илтифотни зиёда айлар эсанг, ул ҳам мухолифатни зиёда айлар”.
Шайх Саъдий Шерозий
***
Нафсдан санга зулм етса, надомат эшикин оч ва тенгри паноҳига қоч, Ва тавба этокига илик ур. Ул тавба устида мардона тур.
Қитъа:
Нафси кофирдин неким етгай санг,
Тавба айлаб, тавбада мардона бўл.
Йўл икидур, журм бирдур, тавба бир,
Ул йўқ ар боғланди, очуғдур бу йўл.
Алишер Навоий
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.