Пазандалик

Гўштли пирог

Чоп этилди Yanvar 10, 2020 Гўштли пирогda fikr bildirishni o'chirish

Зарур масаллиқлар:

хамирига:

  • 200 г қатиқ
  • 200 г маргарин
  • 1 та тухум
  • 300 г ун
  • туз
  • ош содаси

қиймасига:

  • 200 г гўшт
  • 1 та пиёз
  • 1 та картошка
  • туз

Тайёрланиши:

200 г маргаринни олиб, микротўлқинли печ ёки газ плитасида эритамиз.

200 г қатиққа 2 чой қошиқ туз ва 1 чой қошиқ ош содаси соламиз. Ош содаси қатиқни кўпиртириб юбориши керак.

Шундан кейин уни совиган маргаринга қўшиб, аралаштирамиз.

Аралашмага унни кам-камдан сола бошлаймиз.

Ўртача қаттиқликдаги эластик хамир қорамиз ва уни 1:3 нисбатида иккига бўламиз. Хамир осон ёйилиши учун уни селлофан пакетга ўраб, 10—15 дақиқага совитгичга қўямиз.

Энди қиймани тайёрлаб оламиз. Бунинг учун ўртача катталикдаги пиёзни майдалаб тўғраймиз.

Кичикроқ картошкани йирик тишли қирғичдан ўтказамиз. Агар пирог қуруқ бўлиб қолмаслигини, қиймаси серсув бўлишини истасангиз, картошка ўрнига помидор ишлатишингиз мумкин. Помидорни қиймага тилим-тилим шаклида тўғраб солиш зарур.

Гўштни қиймалагичдан ўтказамиз. Буларнинг барчасини битта идишга солиб, аралаштирамиз, тузини тўғрилаймиз.

Хамирни совитгичдан олиб, катта бўлакни тахминан ярим сантиметр қалинликда ёямиз. Унга таъбингизга қараб, айлана ёки тўртбурчак шаклини беришингиз мумкин. Ёйилган хамирни духовка листига қўямиз.

Устига қиймани бир текис қилиб ёйиб чиқамиз.

Сўнг хамирнинг кичик бўлагини ёйиб, қийманинг устини ёпамиз.

Хамирларнинг четини бир-бирига улаб чиқамиз.

Пирогнинг устига пичоқ ёрдамида кесмалар туширамиз, бу пишиш жараёнида хамирнинг кўтарилиб қолмаслигини таъминлайди.

Шундан сўнг хамирга тухум сариғини сурамиз ва 175 даражагача қиздирилган духовкада 30—40 дақиқа давомида пиширамиз.

Пишириш жараёнида пирогдан хабар олиб туриш зарур. Унинг усти пишгач, духовканинг пастки қаватига тушириш керак.