
Жаноза намозининг ҳукми
Жаноза намози фарзи кифоядир. Аллоҳ таоло бундай дейди:
“Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳақига дуо қил. Албатта, сенинг дуойинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитувчи ва билгувчи зотдир” (Тавба сураси, 103-оят).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Дўстларингизга намоз (жаноза) ўқинглар».
Агар хабар топганларнинг баъзилари адо қилсалар, бошқалардан соқит бўлади. Агар ҳамма тарк қилса, гуноҳда барчалари баробардирлар[1]. Маййитга жаноза намози ўқилиши учун тўла бадани, кўпроғи ёки боши билан бирга ярим бадани бўлиши керак бўлади. Бошсиз ярим баданга жаноза ўқилмайди. Агар баданнинг кўпроғига жаноза ўқилган бўлса, қолган баданга жаноза ўқилмайди[2]. Бирор аъзога ҳам жаноза намози ўқилмайди. Чунки Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолар: «Аъзога жаноза намози ўқилмайди», дейишган. Суякларнинг ҳам ҳукми худди шундай[3].
Жаноза вақтида ҳозир бўлиб турганларга эса, жанозани ўқимоқлик фазрдир. Кимки жаноза вақтида ҳозир бўлиб, жаноза ўқишда қатнашмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Кўп вақтларда жаноза намозларида одамлар кўп йиғилади-ю, аммо жанозахонлар оз миқдорда қолади. Бу эса биз мусулмонлар учун катта мусибатдир. Жанозага келиб, жаноза намозига қўшилмай, бир четда томоша қилиб туриш мусулмон кишининг иши эмас. «Ниҳоя» китобида келишича, жаноза намозига чақирилган киши узрсиз равишда жанозада қатнашмаса, гуноҳкор бўлади[4]. Демак, жаноза деб келдингми, шу маййитнинг жанозасида иштирок этиб, ўқиган жаноза намозининг савобини шу маййитнинг руҳига бахшида қилиш зарур. Шундагина биз ўз мусулмончилик бурчимизни адо этган бўламиз.
[1] Олим ибн Аъло Ансорий Деҳлавий. «Ал–фатовот–татархония». Ҳиндистон: «Дорул– маъарифил–усмания». 1984, 2-жуз, 155-бет.
[2] «Фатовойи Оламгирийя». Байрут: «Дорул–кутубил–илмийя». 2000, 1-жуз, 174-бет.
[3] Алоуддин Косоний. «Бадоиус–саноий фи тартибиш–шароиъ». Байрут: «Дорул–кутубил–илмийя». 2003, 2-жуз, 314-бет.
[4] Абул–Лайс Зайлаъий. «Ҳадиятус–суълук шарҳу туҳфатул–мулук». Қозон: «Ал–матбаатул–каримийя». 1910, 114-бет.
Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан