“Қўйлиқ” бозорида одам юзини танишга қодир камералар ўрнатилди
Йиғилиш давомида бозор ва унинг атрофидаги вазиятни яхшилаш учун қўллаш керак бўлган зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Биринчи навбатда санитария талаблари, автотранспорт воситалари учун тураргоҳлар, хизмат кўрсатиш даражаси, савдо қилиш учун шароитлар яратиш масаласига эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Қўйлиқ” бозори ҳудудида тартиб ўрнатиш ва хавфсизликни ошириш учун товарларни олиб кириш ва олиб чиқишни қайд қилувчи, юк ташувчилар ишини кузатадиган диспетчерлик хизматини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Бундан ташқари бозор ишчилари учун махсус форма жорий этиш, сотиш учун мўлжалланган пичоқларни қатъий равишда қулфли шиша витрина остида махсус сақлаш, маҳаллий жамоат овқатланиш масканлари ва дорихоналарда алкогол ва бошқа спиртли маҳсулотлар савдоси назоратини кучайтириш, бозор ва унинг атрофида қуйма алкогол маҳсулотларининг сотилишини тақиқлаш, бозорда ўзини тутиш қоидалари ҳақида махсус буклетлар тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, бозорга плакатлар ўрнатиш, жамоат тартибини ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун чақирув тугмаларини ўрнатиш каби таклифлар ҳам билдирилган.
Таъкидланишича, ҳозирга келиб бозор ҳудудига 210 IP-камера ўрнатилган, автотураргоҳларни ташкиллаштириш бўйича таклиф киритилган, жамоатчилик назорати штаби ташкил этилган, бозорга кириш-чиқишда юзни танишга қодир учта интеллектуал камера ўрнатилган.