Қалб илдизи
Қалб илдизи бу – Ислом таълимотидир. У фақат қалбга экилади. Қачон, деган савол туғилади? Болаликдан, тарбия орқали, деб жавоб берамиз. Ўтмишда ҳам, илм-фан ривожланган бугунги кунда ҳам исломий тарбиянинг нақадар устунлиги, барқарорлиги тан олинмоқда. Бу ҳол имон ва эътиқодда, тақвода, бағрикенгликда, меҳрибонликда, бошқаларни ўзидан устун қўйишда, ҳалимлик ва журъатда яққол кўзга ташланади. Бундай таълим олган ёшлар вожиб амалларни бир умрга ижро этадилар. Бунинг сабаби таълим илдизи соғлом ва бақувватлигидир. Акс ҳолда, фарзандларимиз куз келмай барглари сарғая бошлаган дарахтга ўхшаб қоладилар. Ниҳоли касалланса, миришкор боғбонлар бунинг сабабини кўпроқ илдиздан кўрадилар. Кишилик жамиятида ҳам худди шундай. Бирор одам қандайдир нуқсон содир этса, “Ҳа, тарбия кўрмаган”, дейишади. Бу маломат ўша одамнинг ота-онаси, болаликдаги тарбиячисига ҳам қаратилган, албатта. Аксинча, бошқа бир одамда яхши фазилат кузатилса, “Яхши тарбия кўрган экан”, деб қўйишади. Бу олқиш, албатта, ўша одамнинг ота-онасига, тарбиячиси, устозига қаратилган бўлади. Таълим негизига чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, ҳаёт фақат таълим ва тарбиядан иборатлигини кўрамиз. Фақат инсон эмас, ҳатто оддий жонивор ҳам ўзига хос тарбияга муҳтож бўлади. Шундай қилинмаса, у одамзотга бўйсунмайди, жиловини тутқазмайди. Қайси жамият тинч ва осойишта яшаб, гуллаб-яшнар экан, демак, унинг таълим ва тарбия илдизлари соғлом, дея яна бир марта такрорлаймиз.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм