Марказий Осиё давлатлари карантинни кучайтирмоқда
Қирғизистон расмийлари коронавирус туфайли мамлакатга Япония, Жанубий Корея ва Эрондан келувчиларни карантинга жойлаштириш борасида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус масаласида жаҳондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ишлаб чиққан тавсияга биноан ҳаракатлар алгоритмига ўзгартиш киритишга қарор қилди. Унга кўра, Япония, Жанубий Корея ва Эрондан келган шахслар, шунингдек, Хитойдан келганлар 14 кун мобайнида ихтисослаштирилган махсус биноларда карантинда бўлади“, – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Аввалига рўйхатда Афғонистон ҳам бор эди, бироқ кейинчалик ўзгартиш киритилди.
“Vlast.kz” тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон ҳам Сингапур ва Таиланддан қайтганлар учун уй карантини жорий қилинишини режалаштиргани, Гонконг, Тайвань ва Макао, Жанубий Корея, Япония, Италия ва Эронни коронавирус инфекцияси бўйича ноқулай мамлакатлар рўйхатига киритишни ва бу мамлакатлардан келган барча фуқароларни карантинга жойлаштиришни режалаштираётгани маълум қилинган эди. Бироқ Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча бу борада тегишли қарор қабул қилмади.
Қозоғистон бош санитар врачи Жандарбек Бекшин қозоғистонликларга мурожаат қилиб, Жанубий Кореяга бормасликни тавсия қилар экан, “бу мамлакатда расмий маълумотларга кўра, 602 та ҳолат рўйхатга олингани, бир кеча кундузда 168 ҳолат қайд этилганини“ маълум қилди.