Муҳаммад Дорошукуҳ Ҳамадоний ҳақида
«Сафинат ул-авлиё» («Авлиёлар кемаси») китоби Муҳаммад Дорошукуҳ Ҳанафий Қодирий қаламига мансуб асардир. Унда Шарқ оламида машҳур бўлган Қодирия, Хожагон, Чиштия, Суҳравардия, Кубравия тариқатларининг силсилалари ва унга дахлдор бўлган юзлаб шайхларнинг таржимаи ҳоллари келтирилган. Муаллиф муқаддимада ёзишича, унинг асосий мақсади силсилаларни бир ерга жамлаш ва керак пайтида улардан фойдаланишни енгиллатишдан иборатдир. Муаллиф асарни тўплашда кўплаб манбалардан фойдаланганини айтади.
«Сафинат ул-авлиё»нинг бошқа асарлардан фарқи шуки, ҳақиқатан ҳам, унда турли тариқат вакиллари ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари, муаллиф мазкур шайхларнинг туғилган ва вафот қилган йилларини аниқ кўрсатишга ҳаракат қилган. У ўз сафари давомида ўтган шайхларнинг қабрларини зиёрат қилган ва тирик шайхлар билан мулоқотда бўлган. «Сафинат ул-авлиё» 1900 йилда Конпурда нашр қилинган.
Дорошукуҳ Хожагонлар силсиласини Шайх Боязид Бистомийдан бошлаб, силсиланинг 8-ҳалқасида Хожа Юсуф Ҳамадоний ва унинг шогирдлари ҳақидаги маълумотларни келтиради. Жумладан, муаллиф шундай дейди:
Ҳазрати Хожа Юсуф ибн Айюб Ҳамадоний
Уларнинг кунялари Абу Яъқубдур. Улар асли Ҳамадондандурлар. Шайх Абу Али Формадийнинг муридларидур. Шайх Абу Исҳоқ Шерозийдан ҳам дарс олганлар. Шайх Абдуллоҳ Жувайний ва Шайх Ҳасан Симнонийлар билан суҳбат қурганлар. Бағдодга бориб, Ғавс ус-сақалайн (Абдулқодир Жилоний) билан учрашганлар, Ғавс ул-аъзам (Абдулқодир Жилоний)нинг суҳбатларида аксар вақт ҳозир бўлар эдилар. Ҳанафий мазҳабида эдилар. Бузругвор хожагонлар тариқатининг сарҳалқалари эдилар. Туғилишлари 440/1048 йилда бўлиб, вафотлари 535/1140 йилда Марв йўлида содир бўлган. Қабрлари Марвдадур. Уларнинг тўрт халифалари бор эди: Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (уларга Аллоҳу таолонинг раҳмати бўлсин).

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 9000 сўм.