Мақолалар

Исломга интилган аёл. Мириам Куэнка – ўз юртида Исломга кўп хизмат қилган испан аёли

Чоп этилди Aprel 6, 2020 Исломга интилган аёл. Мириам Куэнка – ўз юртида Исломга кўп хизмат қилган испан аёлиda fikr bildirishni o'chirish

Муслима бўлгунига қадар уни Мария де Долорес Куэнка деб аташарди. У диндор оилада таваллуд топди ва католик мактабини тугатди. Аммо 18 йил бурун Исломга кирди ва она шаҳри Авиледа масжид очди.

Мириам Куэнка Кастилия-Леон автоном областидаги Ислом федерациясининг биринчи аёл-котиби, яъни котибаси ва Испания Ислом комиссияси аъзосидир. Шунингдек, унинг саъй-ҳаракатлари билан Авиле шаҳрида масжид ишга тушди.

Ҳозирда 62 ёшда бўлган Мириам Куэнка Анатолия ахборот агентлиги мухбири билан қилган суҳбатда Исломга қандай кирганини сўзлаб берди. Даставвал, олган тарбияси таъсиридаги кўплаб сабабларга кўра, мусулмонларга нисбатан нотўғри муносабатда эди. Кейин эса фабрикага ишга кирганда мусулмонлар билан, яқиндан танишди ва уларнинг ўзаро ҳурмат-эҳтироми, покизалиги, самимиятига гувоҳ бўлди.

У католиклик йилларида дин билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб топа олмай  қийналарди. Шунинг учун протестантликка ўтмоқчи ҳам бўлиб юрди. Францияга ишлашга борганида эса мусулмонлар билан янада яқиндан танишди. Унга илмий доирада ишлайдиган бир мусулмон устозлик қилди. “Албатта, ҳаммаси бирданига юз бермади. Бир йил мусулмон дўстларим билан боғланиб турдим, уларнинг оилавий анъаналарини, урф-одатларини ўргандим. 2001 йил шаҳодат калимасини айтдим ва муслима бўлдим… мен кўп йиллардан бери шубҳа-гумонлар ичида ҳаёт кечиргандим. Исломга кирганим заҳоти миямдаги алғов-далғовларнинг ҳаммаси жойига тушиб қолди”, дейди у. Унинг танлови оиласи аъзоларини шокка солди. Шундай бўлса-да, унинг яқинлари ва дўстларидан бирортаси унга орқа ўгириб кетмади ва инкор қилишга тушмади.

Мириам Авилега қайтганида яккаланиб қолди – шаҳарда на мусулмонлар маркази, на масжид бор эди. Шунингдек, у бирорта мусулмонни ҳам танимасди. Диндошлари билан суҳбатлашиш учун 110 чақирим йўл босиб Мадридга боришига тўғри келарди. “Мен ўзимни биринчи муслимадек ҳис қилар эдим. Кейинроқ эса кўча-кўйда, дўконларда диндошларим билан танишиб ола бошладим”, дейди у.  Авиледаги мусулмонларнинг аксари марокашлик муҳожирлар эди. Шу боисдан улар фуқаролик фаолиятида жиддий қийинчиликларга дуч келарди. Мириам кимдир ташаббусни ўз қўлига олиши кераклигини тушунди ва бу ишни ўзи қилди – дастлаб мусулмонлар жамиятини ташкил этди, кейин эса, 2015 йил Авиледа эски гаражни таъмирлатиб уни масжид қилди. “Масжид учун жой топиш жуда ҳам қийин бўлди, ҳеч ким ўзининг кўчмас мулкини мусулмонлар ибодатхонаси учун ижарага беришни истамади. Шукрки, бир дўстимизнинг саъй-ҳаракати билан ана шу гаражни топишга муваффақ бўлдик”, дейди у.

Унинг айтишича, Кастилия-Лион областининг Авиле шаҳридаги энг катта муаммолар: Ислом дарслари ва мусулмонлар қабристони йўқлигидир. “Гарчанд, мактабда Ислом дини дарслари ўтилишини талаб қилиш ҳамманинг қонуний ҳуқуқи бўлса-да, афсуски, Ислом ё мутлақо ўргатилмайди ёки бу дарсга жуда кам соатлар ажратилган”. Мириамнинг таъкидлашича, мусулмонлар мактабларда ўзларининг Исломни ўрганиш ҳуқуқларини қатъиян талаб қилишлари лозим.

Мириам Куэнканинг фикрича, муслималар уйда ўтиравермасдан меҳнат қилиши, жамият ҳаётида фаол роль ўйнашлари лозим. “Таассуфки, Испанияда муслималар камчилик ва улар жамоат ишларида қатнашмайдилар. Бу тўғри эмас. Ушбу нотўғри қарашларни енгиб ўтиш учун ҳам муслималар янада фаолроқ бўлиши талаб этилади”, дейди Мириам Куэнка.

Манба: star.com.tr

Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.