Таиландда карантинга олинган паркдан қочган фил фермернинг ҳаётига зомин бўлди
Таиланднинг Чиангмай провинциясидаги коронавирус туфайли ёпилган туристик паркдан қочган фил фермерни босиб кетди ва ҳаётига зомин бўлди. Фермер ҳайвонни боғидан ҳайдаб, паркига қайтармоқчи бўлган эди. Бу ҳақида РИА Новости маҳаллий ОАВга таяниб хабар берди.
Гап шундаки, даромаднинг кескин тушиб кетиши ва туристларнинг йўқлиги сабаб ёпилган аттракцион раҳбарлари филларга паркдан ташқарига чиқишларига “рухсат” беришга қарор қилишди. Фақат улар қочиб кетмасликлари учун оёқларидан узун занжир билан дарахтга боғлаб қўйишди.
Филлар эса карантиндан олдинги даврда банан билан боқиларди. Ҳозир бундай имконият йўқ.
Ана шундай шароитда қолган урғочи филлардан бири занжирини узиб, парк яқинидаги фермерга тегишли мева-сабзавотлар етиштириладиган боғга кириб борган.
Бу пайтда боғнинг 68 ёшли эгаси ўзи эккан ўсимликлари парвариши билан шуғулланаётган эди. У ҳудудга бостириб кирган жониворни кўриб қолиб, уни ҳайдаб юборишга уринган. Ҳайвон эса унга ҳужум қилиб, топтаб ташлаган.
Чиангмай провинцияси полицияси парк эгасига нисбатан жиноий иш очди.
Одатий пайтда ушбу ҳудуддаги ўнлаб фил фермалари ва парклари туристларга жониворларга миниб, жунглилар ҳамда тоғларга сайр этиш хизматларини таклиф этиб келарди, ўргатилган филлар иштирокида шоулар қўйиб беришарди.
Таиландда коронавирус эпидемиясига қарши курашиш бўйича қабул қилинган чеклов чоралари доирасида эса барча сайёҳлик объектлари ёпилди. Оқибатда аттракционлар кунлик даромадидан, демакки, жониворлар учун озуқа сотиб олишга сарфланадиган маблағларидан айрилди.