Қозоғистонда карантин тартиби босқичма-босқич юмшатилмоқда
Қозоғистон расмийлари мамлакатдаги карантин режими босқичма-босқич юмшатилишини маълум қилди.Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш давлат комиссияси қарорига биноан 27 апрелдан пойтахт, шунингдек, Олмаота ва минтақаларда, Чимкентда (1 майдан) айрим корхоналарнинг, жумладан қурилиш компаниялари ва банкларнинг фаолияти қайта тикланди.
16 март куни жорий қилинган фавқулодда ҳолат режими 11 майга қадар узайтирилди.
Ғарбий Қозоғистон вилояти расмийлари карантин юмшатилаётгани борасида хабар берди. Минтақада шаҳар ва дала ҳовлилари бўйича қатнайдиган автобус йўналишлари тикланди, аҳолига уйлари атрофида сайр қилишга рухсат берилди, кексалар ҳам дала ҳовлиларига бориш учун уйларидан чиқиш имкониятига эга бўлдилар.
28 апрель, сешанба кундан бошлаб, шаҳарда автобус қатновлари йўлга қўйилди, бироқ ҳаракат чекланади — эрталабки олтидан кечқурунги йигирмага қадар автобуслар ҳаракатланади, дея хабар берди Уральск ҳокими Абат Шинибеков.
Бундан ташқари, расмийлар шаҳарликларнинг дала ҳовлиларига боришлари учун тоқ ва жуфт рақамли машиналар жадвалини белгилаб қўйишди.
Рақами жуфт сон билан бошланувчи автомобиль эгалари сешанба, пайшанба, шанба кунлари эрталабки тўққиздан кечки еттига қадар ҳаракатланишлари мумкин. Тоқ сонли рақамли автомобиллар эса чоршанба, жума ва якшанба кунлари ҳаракатланади.
Шаҳар бош санитар врачининг буйруғига кўра, 65 ёшдан катта бўлганларнинг уйдан чиқиши тақиқланган эди, эндиликда расмийлар уларнинг дала ҳовлига боришлари учун уйдан чиқишларига рухсат берди.