Қазою қадарга имон келтириш
Сирожиддин Али ибн Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг
“Бадъул омолий” асари асосида
(Аллоҳ) Яхшини ҳам, ёмонни ҳам ирода қилувчидир, лекин куфр ва маъсиятларга рози эмас.
“Ирода” сифати
“Ирода” Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан бири. Аллоҳ хоҳламаган нарса асло бўлмайди. Куфр ва маъсиятлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Лекин Аллоҳ таоло уларга рози бўлмайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир” (Моида сураси, 1-оят). Бошқа бир оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас”, (Бақара сураси, 185-оят) дея зикр этилган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган”.
Қазо ва қадарнинг маънолари
Қадар “миқдор белгиламоқ”, “тақсимламоқ”, қазо эса “амалга оширмоқ”, “юзага чиқармоқ” каби маъноларни англатади.
Қазо ва қадарга имон келтириш қуйидаги нарсаларга шак-шубҳасиз ишонишдан иборат:
– Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳали қилмаган амалларини ҳам олдиндан билади;
– бандаларнинг қиладиган барча амаллари олдиндан “Лавҳул маҳфуз”га битиб қўйилган;
– содир бўлган барча нарсалар Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлган;
– барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган.
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” асарида борлиқда содир бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошиши ҳақида бундай ёзган: “Аллоҳ таоло нарсаларни мавжуд бўлишларидан олдин ҳам азалда Билувчи эди. У нарсаларга тақдир тайин қилган ва уларга ҳукмини жорий қилган Зотдир. Дунё ва охиратдаги ҳар бир нарса Унинг хоҳиши, илми, ҳукми, ўлчови ҳамда “Лавҳул маҳфуз”га битганидек бўлади. Лекин уни васф билан ёзган, буйруқ билан эмас”.
Қазою қадарга имон келтирган ҳар бир мўмин ўзига етадиган мусибатлар ҳам, неъматлар ҳам Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари билан бўлишини билиши лозим. Аллоҳ таоло бундай хабар қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул маҳфузда битилган) бўлур” (Ҳадид сураси, 22-оят).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусибатга учраганларга бундай таскин берган: “Менга етган ҳар бир мусибатдан учта неъматни топдим: етган мусибат динимда бўлмади; мусибат етганидан кўра катта бўлмади; Аллоҳ таоло етган мусибат сабаб улкан ажр-мукофотлар беради”.
Абу Ҳафсадан ривоят қилинади: «Убода ибн Сомит ўғлига: “Эй ўғилчам, то сенга нима етган бўлса, янглишиб сенга етмасдан қолиши мумкин эмаслигини ва нима сенга етмаган бўлса, янглишиб сенга етиб қолиши мумкин эмаслигини билмагунингча имон ҳаловатини асло тота олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ дастлаб қаламни яратган ва унга: “Ёз”, деган. У: “Раббим нимани ёзаман?” деб сўраган. Унга: “То қиёмат қоим бўлгунча бўладиган барча нарсаларнинг миқдорларини ёзгин”, деган”, деяётганларини эшитганман. Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ушбудан бошқада (бошқа тушунчада) вафот этса, мендан эмасдир”, деяётганларини эшитганман”, деди» (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ширк келтирган кимсалар: “Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам мушрик бўлмаган ва бирор (ҳалол) нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик”, дейишади. Улардан олдингилар ҳам, то азобимизни тотмагунларича, (пайғамбарларни) худди шундай ёлғончига чиқарганлар. Айтинг: “Сизларда бизга чиқарадиган (кўрсатадиган) илм (ҳужжат) борми? (Сизлар) фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз”» (Анъом сураси, 148-оят).
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир АБДУР РАҲИМнинг “Эътиқод дурдоналари” китобидан
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан