Мақолалар

“Таъвилот аҳл ас-сунна”да адашган оқимларга раддиялар

Чоп этилди May 22, 2020 “Таъвилот аҳл ас-сунна”да адашган оқимларга раддияларda fikr bildirishni o'chirish

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсири аҳл ас-сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилган ҳолда ўша даврдаги мавжуд фирқаларнинг иддаоларига раддия сифатида ёзилган.

Умуман, шу каби оятлар турли фирқалар томонидан бузиб таъвил этилади ҳамда ўз қарашларига мослашга ҳаракат қилинади.

Ўрта асрларда ўтган оқимларнинг Қуръонни кўпчилик муфассирларнинг шарҳларига хилоф тарзда шарҳлаш ва оятларни ҳақиқий маъносидан узоқлаштиришга ҳаракатлари ҳозирги даврдаги турли бузғунчи оқимлар томонидан ҳам амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида адашган фирқа вакилларининг баъзан номларини келтирса, баъзан номини зикр этиб, уларнинг шарҳларини ҳам келтиради. Номлари зикр этилган фирқа пешволаридан Абу Бакр Асам, Ҳусайн Нажжор, Жаъфар ибн Ҳарб, Абул-Қосим Каъбий кабиларнинг сўзларини келтириши IX-X асрдаги ақидавий фирқаларнинг Қуръонни тушунишдаги услублари ҳақида қимматли маълумотларни беради. Адашган фирқалардан деярли барчаси унинг тафсирида номлари зикр этилган, улар: мўътазила, хавориж, карромия, жаҳмия, шиа, қадария, жабария, қарматийлик кабилардир. У кўпроқ калом масалаларида кўпроқ муноқашалар олиб борган мўътазилалар сўзларига раддия беради.

Шафоат масаласи бўйича Ислом фирқалари орасида тортишув мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиси гуноҳкорлар шафоат қилинади деса, бошқаси гуноҳсизлар шафоат қилинади, деган. Бунга мисол тариқасида Бақара сураси 255 оятининг қуйидаги бир қисмини келтириш мумкин:

“(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди” ояти шарҳида жумладан, бундай дейди: “Мўътазилалар “шафоат фақат гуноҳсиз яхшилик аҳлига ёки тавба қилганларга нисбатан бўлади”, деган. Баъзилари эса шафоат гуноҳкорларга нисбатан бўлади. Чунки гуноҳсиз киши шафоатга муҳтож бўлмайди, деган.

Имом Мотуридий тафсири ўз давригача Ислом оламида пайдо бўлган барча фирқаларнинг қарашларига Қуръон, сунна ва ақлий далиллар асосида раддия бериб, уларнинг таъсирларини сусайтиришда муҳим ҳисса қўшган. Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирида ақидавий фирқаларнинг қарашлари бошқа асарлардан фарқли равишда энг кўп жамлангани учун бу асар IX-X асрлардаги фирқалар ҳақида кенг маълумот олишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Хуллас, муфассирлар ёзиб қолдирган асарлар маънавий-маърифий ҳаётда ўзига хос ўринга эга бўлиб, Қуръонни тўғри тушунишда ҳамда тафсир асарларини илмий ўрганишда катта аҳамият касб этади. Уларни доимий илмий тадқиқ этиш, илмий истифодага киритиш муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, муфассирларнинг босиб ўтган ҳаётлари, илмий меросларини ўрганиш маънавий-маърифий ҳаётда, шунингдек, диний бағрикенглик асосида таълим-тарбия беришда катта аҳамият касб этади. Ҳозирги даврда динни тўғри англашда, унинг асл инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини очиб беришда ва халққа соф ҳолда етказишда тарихда ўтган Марказий Осиёлик муфассирларнинг тафсир асарлари ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, бу ҳудуд азалдан илмий-маданий марказ бўлгани тарихдан маълум. Бу заминда турли динларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосида мулоқот қилгани халқнинг юксак маданиятга эга эканидан далолат беради. Шунинг учун турли дин ва маданиятларни бағрига олган бу заминда маънавий-маърифий юксалиш жараёнлари юз берган. Бугунги миллий ва диний қадриятларнинг тикланиш даврида илмий, маънавий-маърифий бойлик бўлмиш маънавий меросларни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Муҳаммаджон АБДУҲАМИДОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 6-сонидан