Бухорода бир оиланинг етти нафар аъзосида коронавирус аниқланди. Вилоятда касалланганлар йўқ эди
Мамлакатимизда 2020 йил 27 май соат 23:30 ҳолатига кўра яна 14 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилди ва жами касалликни юқтирганлар сони 3369 нафарга етди.
Афсуски, янги касалланиш ҳолатларининг 7 таси Бухоро вилоятида аҳоли орасида аниқланган — улар Шофиркон туманидаги битта оила аъзоларидир. Мазкур ҳолат ушбу вилоятга коронавирус инфекцияси қайтганини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 5 та касаллик аниқланган. 2 нафари эса Тошкент вилоятидан (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, яна 1 нафари аҳоли орасидан аниқланган).
Айни пайтда юртимизда 2668 (+32) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайди. Аввал хабар қилганимиздек, тузалганларнинг 25 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Самарқанд вилояти ҳамда 2 нафари Навоий вилоятидан.
Ҳозирда мамлакатимизда даволанаётган 687 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.
Халқ сўзи