Хожайи Азизон
Хожа Али Ромитаний Азизон милодий 1194 йили Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Қўрғон қишлоғида таваллуд топиб, 1316 (ёки 1321) йили Кўҳна Урганч шаҳрида вафот этган. Халқ орасида унинг 130 йил яшагани ҳақида маълумотлар кенг тарқалган. Милодий ҳисобда 127 ёшга киргани буни исботлайди. Сарибўстон қишлоғи қабристонида рамзий қабри бор. Бу қабр устига мақбара қурилган.
Мустақиллик йилларида бу мажмуа қайта таъмирланиб, унинг ёнида жоме масжид бунёд этилди. Бу мажмуа Бухоро вилоятидаги етти нақшбандий пирдан тўртинчисининг рамзий қабри жойлашган табаррук маскан сифатида гавжум зиёратгоҳдир.
Хожа Али Ромитаний Азизон “Хожайи азизон”, яъни “Азиз авлиёлар хожаси” лақаби билан машҳур бўлган. Баъзан қисқа тарзда “Азизон” деб ҳам тилга олинади.

У хожагон-нақшбандия тариқатининг тўртинчи пири. Тўқувчилик билан кун кечирган. Умрининг охирларида Хоразмда яшаб, хонақоҳ очган, бу воҳада хожагон тариқати ғояларини тарқатишга катта ҳисса қўшган. Сўфийлик йўлида пири – Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий . Узидан кейин тариқатга пирлик қилиш ваколатини шогирди Хожа Муҳаммад Бобо Самосийга топширган. Бизгача “Маноқиби Хожа Али Азизон Ромитаний ” асари етиб келган. Унда тасаввуф аҳлининг ахлоқ-одоби, хожагон тариқати тартиб-қоидалари, муаллифнинг панд-насиҳатлари жамланган. Тариқатнинг 10 шарти алоҳида баён қилиб берилган. “Рисолайи Ҳазрати Азизон” рисоласи Хожа Али Ромитанийга нисбат берилади.
Шайх ўрта бўйли, гўзал чеҳрали инсон бўлганлар. У фақирлик йўлини танлаб, хожагон-нақшбандиянинг “Зоҳирда – халқ билан, ботинда эса – Ҳақ билан”, деган қоидасига қатъий амал қилиб яшайди.
Хожа Али Ромитанийнинг Хожа Иброҳим исмли ўғли бўлган.
Хожа Али Ромитанийнинг форс-тожик тилида битган кўплаб ҳикматли шеърлари бор.
У зот “Муҳаммад” исмли беш муридни тарбиялаган. Уларнинг ҳар бири илму маърифат, тариқату фазилатда камолга етганлар.
Хожа Али Ромитаний нинг: “Агар Ер юзида Хожа Абдулхолиқ (яъни, Ғиждувоний) фарзанд (яъни, мурид)ларидан бири бўлса эрди, Мансур (яъни, Ҳаллож) ҳаргиз (яъни, ҳеч қачон) дор остиға бормас эрди”, – деган фикри тасаввуф оламида жуда машҳур. Бу сўзи билан у хожагон тариқатининг асосчиси тасаввуфда мўътадил йўлни бошлаб берганини таъкидлайди.
Султонмурод ОЛИМ
филология фанлари номзоди
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан