Ар-Рияд Ислом дунёсини Исроил режаларига қарши ягона позицияни эгаллашга чақирди
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Фейсал бин Фархан Ал Сауд Ислом дунёсини Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластинга қарашли ерларни аннекция қилиш режасига қарши ягона позицияни эгаллашга чақирди.
Саудия Арабистони Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг тезкор учрашувини чоршанба куни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Унда Исроилнинг Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Фаластин ерларини 1 июлдан бошлаб аннекция қилиш режаси муҳокама этилган.
“Биз Ислом дунёсидан Исроил режаларига қарши ягона позицияни эгаллашни талаб қиламиз ва ушбу режани тўхтатиш учун барча чораларни кўрамиз, шу билан бирга, халқаро жамоатчиликни Исроилни ушбу ҳаракатдан тўхтатишга мажбур қилиш учун ягона ва аниқ позицияда бўлишига чақирамиз«, деди Ал Сауд. Унинг маърузаси Саудиянинг «Ал-Ихбария» телеканалида узатилди.
Вазир Фаластин муаммоси араб дунёси учун энг муҳим масала эканини таъкидлади.
Вазир Исроил Фаластиннинг ғарбий соҳилдаги ерларини ўз ҳудудига қўшиб олиш мақсадини «…тинчлик жараёнини қайтадан бошлаш ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликка эришиш имкониятига таҳдид солувчи хавфли ҳаракат», деб баҳолади.
Май ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху 1 июлдан Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин ерларининг бир қисми устидан ўз суверенитетини ўрнатишни эълон қилганди. Бунга жавобан Фаластин президенти Исроил ва АҚШ билан эришилган барча келишувни тўхтатиши ҳақида маълум қилган.