Мақолалар

“Иброҳим алайҳиссалом миллати” нима дегани?

Чоп этилди Iyul 29, 2020 “Иброҳим алайҳиссалом миллати” нима дегани?da fikr bildirishni o'chirish

Миллат калимаси Қуръони каримда тўққиз марта зикр қилинган бўлиб, мазкур калима уларнинг саккизтасида Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади.

«Ўзини эси паст санаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгиради. Албатта, Биз уни бу дунёда танлаб олдик ва, албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай» (Бақара сураси, 130-оят).

«Улар: “Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз”, дейдилар. Балки: “Иброҳимнинг ҳаниф миллатига (динига) эргашамиз ва у мушриклардан бўлмаган”, деб айт» (Бақара сураси, 135-оят).

«Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган» (Оли Имрон сураси, 95-оят).

«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди» (Нисо сураси, 125-оят).

«Сен: “Албатта, мени Роббим тўғри йўлга – рост динга – тўғриликка мойил Иброҳим миллатига ҳидоят қилди. У мушриклардан бўлмаган эди”, деб айт!» (Анъом сураси, 161-оят).

«… Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати – динини тарк этган одамман”, деди. Яъқубнинг миллати – динига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди…» (Юсуф сураси, 37 – 38-оятлар).

«Сўнгра сенга: “Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш. У мушриклардан бўлмаган эди”, деб ваҳий қилдик» (Наҳл сураси, 123-оят).

«… У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг миллати…» (Ҳаж сураси, 78-оят).

Имом Абу Жаъфар Тобарий раҳимаҳуллоҳ ўзининг тафсирида қуйидагиларни келтиради: “Миллатдан мурод – дин, ҳанийфликдан эса тўғрилик ирода қилган. Шунда «Иброҳимнинг ҳаниф миллатига эргашамиз» жумласининг маъноси “Иброҳимнинг мустақим динига эргашамиз” дегани бўлади.

Таъвил аҳли “ҳанийф”нинг таъвили (яъни изоҳи) борасида турлича фикрларни айтишган. Улардан баъзилар: “Ҳанийф бу ҳаждир. Иброҳим алайҳиссалом ҳаж маносикларини ўз замонаси ва ундан кейин қиёматга қадар келадиган бандаларга биринчи бўлиб бошлаб берган имомлиги жиҳатидан унинг динига ҳанийфийлик дейилади. Шунга кўра, ким Байтуллоҳни ҳаж қиладиган бўлса, ҳаж маносикларини Иброҳим алайҳиссаломнинг динига мувофиқ бажарган бўлади”, дейишади.

Бошқалари эса: “Ҳанийфлик “эргашиладиган”, “истиқомат” маъноларини англатади”, деган қарашни илгари суришган.

Яна бир тоифа эса: “Иброҳим алайҳиссалом динининг  ҳанийф деб аталиши у бандаларга хатна қилишни суннат қилиб қолдирган биринчи имомлиги учундир. Шундан кейин хатна қилдирган кишилар Иброҳим алайҳиссаломнинг (мазкур) суннатига, ҳанийф миллатига эргашган ҳисобланади”, деган фикрни айтишди.

Бошқа бир гуруҳи: “Ҳанийфликдан мурод ихлосли, мухлисдир. Ҳанийф бўлди, дегани динини Аллоҳ учун холис қилди, деган маънони билдиради”, дейишди.

Бир гуруҳи эса: “Ҳанийфийлик бу – ислом. Ким Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашиб, унда мустақим бўлса, демак, у ҳанийфдир”, деб таъвил қилишди.

“Менинг наздимда эса – дейди имом Тобарий – ҳанийф Иброҳим алайҳиссаломнинг динида мустақим бўлиш ва унинг миллатига эргашишдан иборат. Чунки ҳанийфийлик ҳаж ёки хатна қилишдан иборат бўлганида, жоҳилият давридаги ҳаж қилувчи мушриклар ва хатнага одатланган яҳудийлар ҳам ҳанийф ҳисобланган бўларди. Аллоҳ таоло эса иш бундай эмаслигини очиқ-ойдин баён қилди:

«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Лекин у ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон сураси, 67-оят).”

Бундан ҳанийфийлик фақат ҳаж ёки хатнадан иборат эмаслиги равшан бўлади.

Шу ўринда “Нега энди ҳанийфийлик фақат Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилган? Ҳолбуки бошқа пайғамбарлар ва уларнинг уммати ҳам Аллоҳ таолонинг динига амал қилишган-ку!” деган эътироз пайдо бўлиши мумкин.

Бунга жавобан шундай дейилади: “Албатта, Иброҳим алайҳиссаломдан илгари ҳам Аллоҳ таолонинг тоатида ўтган ҳанийф, мустақим анбиёлар бўлган. Лекин Аллоҳ таоло улардан бирортасини Иброҳим алайҳиссалом каби то қиёматгача бандалар учун имом қилиб қолдирмаган. Ҳаж, хатна ва (мўйлаб, тирноқларни қисқартириш, оғиз ва бурунни чайиш, мисвок ишлатиш, қўлтиқ ва қовуқ остидаги тукларни олиш ҳамда истинжо каби ўттизга яқин) бошқа Исломнинг шиорлари даставвал Иброҳим алайҳиссаломнинг динида жорий этилди ҳамда улар то қиёматгача келадиган барча умматлар учун ҳам сақлаб қолинди. Иброҳим алайҳиссаломга суннат қилинган (мўйлаб, тирноқларни қисқартириш, оғиз ва бурунни чайиш, мисвок ишлатиш, хатна қилдириш, истинжо ва ҳ.к.) ишлар мўминлар билан иймонсизлар, итоатлилар билан исёнкорларнинг ўртасида ажратиб турадиган аломат-белги бўлиб қолди” (“Тафсийрут-Тобарий”, 3-жуз, 84 – 108-бетлар).

Қурбонлик ибодати ҳам бизга Иброҳим алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитини барчамиз учун қутлуғ қилсин!

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ