Ошиқу орифлар. “ЭНДИ ФАРМОННИ БАЖАР!”
Сирри ҳоли ҳаётлик чоғида муридларининг Жунайдга бундай деганлари машҳур: “Кўнгилларимизда роҳат ва фароғат бўлиши учун бизга насиҳат қилинг”. Аммо у бу таклифни қабул қилмади ва: “Шайхим ўз жойида ўтирган экан, мен асло сўз айтмайман”, деди. Ўша куни тунда ухлагани ётди ва тушида Пайғамбар (с.а.в.)ни кўрди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) унга: “Эй Жунайд, халққа сўз айт, зеро, сенинг сўзинг халққа роҳат ва фароғат етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло сенинг сўзингни оламнинг нажот топишига сабаб қилгандир”, дедилар. Жунайд уйғонганида хаёлидан менинг даражам Сирриникидан ўтди, деган тасаввур ўтди. Чунки менга (тўғридан тўғри) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан даъват ва иршод амри келди. Тонг отганда Сирри бир муридини Жунайднинг олдига юбориб, Жунайд намозини ўқиб бўлганидан сўнг унга бундай де деди: “Муридларнинг сўзлари (ва илтимослари) билан уларга сўз сўзламадинг, насиҳат этмадинг. Бу борадаги Бағдод шайхларининг шафоатини ва орачилигини ҳам ортга қайтардинг. Мен ҳам бир ишора қилдим, барибир сўз айтмадинг. Энди амр Пайғамбар (с.а.в.)дан келди, Унинг фармонини бажар”. Жунайд (р.а.) айтадики: “Шу ҳодисадан сўнг хаёлимдаги ўша тасаввур йўқ бўлиб кетди. Англадимки, Сирри зоҳир ва ботиндан, бутун ҳоллардан воқиф бўлмоқда ва унинг даражаси менинг даражамдан устундир. Зеро, у менинг сирларимнинг ҳаммасидан воқиф, мен эса унинг ҳолидан хабарсизман. Дарҳол ҳузурига бордим. Ундан мени афв этишини тиладим ва сўрадим: “Тушимда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрганимни қаердан билдингиз?” У бундай жавоб берди: “Тушимда Ҳаққ таоло Тақаддус ҳазратларини кўрдим. Менга бундай деди: “Халққа ваъз этгинки, Бағдод халқи сендан истаган хусус ҳосил бўлсин”, дейиши учун Пайғамбар (а.с.)ни Жунайднинг олдига юбордим”.
Шайхлар қайси сифатда бўлса, бўлсинлар, муридларининг ҳолларидан хабардор бўладилар, деган сўзнинг исботи учун ана шу манқабада очиқ далиллар бордир.
Ҳужвирийнинг “Кашф ул-маҳжуб”идан