Мақолалар

Амир Темур порахўрларни қандай жазолаган?

Чоп этилди Sentabr 25, 2020 Амир Темур порахўрларни қандай жазолаган?da fikr bildirishni o'chirish

Тарихий манбаларга кўра, Соҳибқирон бобомиз ўз давлатида коррупцияга қарши кескин курашган. У ҳукмдорга хиёнат, порахўрлик, мансабини суиистеъмол қилиш, халқ манфаатидан ўз манфаатини устун қўйиш сингари ўта хавфли иллатларни қатъий чоралар билангина бартараф этиш мумкин, деб ҳисоблаган.

Бир мисол, Амир Темур ҳар гал сафардан қайтганда Самарқанд аҳолисининг аҳволидан хабар олган ва маълум кунларда арзчиларни қабул қилган. Шу орқали, яъни қабул вақтида шаҳар ҳокими ва амалдорлар оддий халққа нисбатан қандай муомала қилаётганини билиб олган.

Соҳибқирон ўтказган қабуллардан бири тўғрисидаги маълумотлар бугунги давримизгача сақланиб қолган.

Унда ёзилишича, оддий деҳқонлардан бир гуруҳи мироблар ишидан норози бўлган. Негаки, мироблар ариқларни тўсиб, ким пора берса, шунга сув очиб берган, порасиз ҳеч кимга сув бермай қўйишган. Амир Темур бу қинғирликни одам ўлдириш каби оғир жиноят билан тенг, деб ҳисоблаган.

Шу сабаб бу оғир жиноятни кўриб чиқишда холис кишиларни – саййидларни чақириб, улар билан маслаҳатлашган. Улар иштирокида ўз нафсига қул бўлган миробларга одил ҳукм чиқариб, айбдорларни Зарафшон дарёсига ташлаб юборишга фармон берган экан.

Манбаларга кўра, Амир Темур қатъий чораларни йирик мансабдорларга нисбатан ҳам қўллаган. У лавозимини суиистеъмол қилиб, давлат ва халқ ҳақига хиёнат қилган шахсларни қандай мансаб эгаси бўлишидан қатъи назар, жазосиз қолдирмаган.

1404 йили Самарқандда бўлган Испания қироли Генрих III нинг элчиси Луи Гонсалес де Клавихо Амир Темурнинг 1404 йил 9 октябрь куни мансабини суиистеъмол қилиб, давлатга хиёнат қилган амалдорларни жамоатчилик кўз олдида жазолагани ҳақида гувоҳлик берган.

«У, – деб ёзади Клавихо. – Самарқанд империясида энг катта одам эди. Темурбек бундан олти йилу ўн бир ой аввал уни алкалд (вазир) этиб тайинлаб кетган эди. У бўлса шу вақт ичида мансабини суиистеъмол қилди».

Бу инсон шаҳарнинг бош майдонида қатл қилинади.

Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»сида баён этилишича, Амир Темур олим-уламолар билан суҳбатларидан бирида сўзлаган нутқида: «Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан қисиб қўйилиши каби ҳоллар ҳам мендан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берсангизлар, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлур эди», дейди.

Бундан кўринадики, Амир Темур коррупцияга қарши курашда илм аҳлининг фаоллиги муҳим ўринга эга, деб ҳисоблаган. Бугунги кун билан солиштирганда соҳибқирон бобомиз ўша даврлардаёқ ошкаралик ва жамоатчилик назоратига кенг йўл очиб беришни мақсадга мувофиқ, деб билган.

Исматилла ЙЎЛДОШЕВ,

прокуратура фахрийси