Мақолалар

Суннатнинг маъноси

Чоп этилди Sentabr 25, 2020 Суннатнинг маъносиda fikr bildirishni o'chirish

“Суннат” сўзининг луғавий маъноси тариқ, яъни йўлдир. Бу лафз Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам келган ва фиқҳда ҳам бордир. Учов ерда маънолари бошқа-бошқадир. Қуръонда келадики: «Сиз Аллоҳнинг суннати (қонунияти)да асло ўзгартиш топмассиз!» (Аҳзоб сураси, 62­оят).

Ва ҳадисда келадики: Мен сизларга икки нарсани қолдириб кетяпман.“Модомики сиз икковини ушласангизлар, ҳаргиз гумроҳ бўлмайсизлар” (Имом Молик ривояти).

У икки нарса нима?

 “Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатим (йўлим, тариқим)дир”.

Фиқҳда ҳам “суннати муаккада” ва “суннати ғайри муаккада” деган истилоҳ бор. Хуллас, Қуръон, ҳадис ва фиқҳда – учовида ҳам бу лафз ишлатилган, лекин ҳар қайси бирида маънолари бошқа-бошқадир. Фиқҳда: суннат –ҳукмларнингвожибдан қуйироқ ва мандубдан юқори бўлган бир даражасидир.

Яъни: “Вожибдан қуйи ва мандубдан юқори бўлган шаръий амал”.

Фуқаҳолар буни икки қисмга бўладилар: суннати муаккада ва суннати ғайри муаккада. Қуръони каримдаги суннатнинг маъноси: оламдаги нарсаларга ўрнатиб қўйилган салоҳиятларнинг орқасидан мусаббаботларнинг пайдо бўлишидир. Бунинг тафсилотини ҳазрат Шоҳ Валиюллоҳ “Ҳужжатуллоҳил болиға” асарида баён қилган ва бир мукаммал бобни шунга ажратган.

Унинг хулосаси шуки, Аллоҳ таоло сабабларга салоҳиятни жойлаб қўйган. Бинобарин, сабаблардан мусаббаботлар пайдо бўлади, мана шу Аллоҳнинг суннатидир. Масалан, хурмонинг данагини эксангиз, хос бир қисмдаги ниҳол чиқади, хос бир қисмдаги гул чиқади ва хос бир қисмдаги мева чиқади, мана шу илоҳий суннатдир. Ҳаргиз сиз хурмо данагини экиб, буғдой ундира олмайсиз. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир. Аллоҳ таоло нарсаларга салоҳиятларни шундай қилиб жойлаб қўйган. Сиз олманинг данагини эксангиз,олма дарахти пайдо бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг

суннатидир ва бу суннат ўзгармайди. Суннат илоҳий қонуният, яъни Аллоҳнинг абадий қонунияти маъносида ҳам келади.

 «(Бу) илгари ўтган зотлар хусусидаги Аллоҳнинг йўлидир. Аллоҳнинг йўлига эса, сира ўзгартириш топмассиз.» (Аҳзоб сураси, 62­оят).

Аллоҳ таоло қайси нарсаларга нимани жойлаб қўйган бўлса, ўша жойлаб қўйган салоҳияти омил бўлади, дегани.

Бир киши савол бериб: “Агар Аллоҳ таоло ўтга куйдириш салоҳиятини бериб қўйган бўлса, лекин ўт ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломни нега куйдирмади?” деса, жавоб шуки: “Бу одатдан ташқари ишдир. Аллоҳ таоло сабаблар салоҳиятининг тескарисини ҳам қилади, чунки сабаблар сабабдир, илоҳ эмасдир; Аллоҳ буни билдириш ва сабабларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қудратида, измида эканини англатиш учун шундай қилади.

Аллоҳ қачон хоҳласа, сабаб пайдо қилади, қачон хоҳламаса, ўт ҳам ёндирмайди. Хуллас, Аллоҳ таоло коинотдаги нарсаларга салоҳиятларни жойлаб

қўйган ва ўша салоҳиятлар билан мусаббаботлар вужудга келади. Мана шунинг номи Қуръони каримда “Аллоҳнинг суннати” дейилган.

Ҳадисда суннатнинг маъноси: “Мусулмонлар юрадиган диний йўлдир”.

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: “Мана шу менинг йўлимдир. Мен (инсонларни) Аллоҳга даъват қилурман”» (Юсуф сураси, 108­оят).

“Менинг йўлим”, яъни суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари. Шунинг учун ҳадисларда “суннат” деган лафз келади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Суннат ва ҳадис” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 13800 сўм